Халқаро автобус қатновлари ва Тошкентдан Бухорога қатнайдиган Afrosiyob поездларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди

Источник: Минтранс Узбекистана

Ўзбекистон Республикасидан халқаро йўналишларда амалга оширилувчи мунтазам автобус қатновлари шу йилнинг 13 январидан вақтинчалик тўхтатилди, дея хабар беради Ўзбекистон Транспорт вазирлиги.

«Шу кунларда қўшни Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерациясида кузатилаётган кучли совуқ туфайли йўлларда музламалар ҳосил бўлиб, автотранспорт воситаларида техник носозликлар келиб чиқиши натижасида йўловчилар қийин вазиятларга тушиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда», – дейилади хабарда.

“Тошкент-Бухоро-Тошкент” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob электропоездларининг қатнови уч кунга тўхтатилди. Компания бу қарорни кузатилаётган аномал совуқ об-ҳаво туфайли йўловчи поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ўз манзилларига етказиш давомида ноқулайликлар келиб чиқишининг олдини олиш билан изоҳлади.

13, 14, 15 январь кунлари учун “Тошкент-Бухоро-Тошкент” поезд йўналишининг 766/765-сонли рейслари бекор қилинган.

Йўловчилар ўз манзилларига етиб олиш мақсадида қуйидаги муқобил йўловчи поездлардан фойдаланишлари тавсия этилди:

  • №12 «Тошкент — Бухоро» («Шарқ» поезди);
  • №56 «Тошкент — Бухоро — Хива»;
  • №58 «Тошкент — Бухоро — Шовот»;
  • №72 «Тошкент — Бухоро — Олот»;
  • №125 «Андижон — Тошкент — Бухоро — Хива»;

Харид қилинган чипталарни темирйўл чиптахоналарида, электрон тарзда сотиб олинганларини chipta.railway.uz сайтида қайтариш мумкин. Улар 100 фоиз қийматда қайтарилади, дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.