Хорватиядаги портдан Алишер Усмонов билан боғланаётган ва санкцияга учраган яхта йўқолди

Источник: https://www.boatinternational.com/

Хорватия ҳукумати Алишер Усмоновга алоқадорлиги айтилаётган 35 метрли Irina VU яхтасининг йўқолиши бўйича тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда “Дождь” Večernji List нашрига таянган ҳолда ёзади.

Хорватия Денгиз ишлари, транспорт ва инфратузилмаси вазири Олег Буткович россиялик тадбиркорларга қарши санкциялар доирасида мусодара қилинган яхта Муртер оролидаги пристандан йўқолганини маълум қилади. Унга кўра, кема ўтган йилнинг октябрь ойида номаълум томонга сузиб кетган.

Шу билан бирга, Večernji List манбасига таянган ҳолда берилган хабарга кўра, яхта ўрнида деярли шунга ўхшаш кема пайдо бўлган. Нашрнинг ёзишича, бу Irina VU  яхтасининг ғойиб бўлганини яшириш мақсадида амалга оширилган бўлиши мумкин.

Буткович яхтанинг йўқолишини “шармандали воқеа” деб атади, бунинг учун у жавобгарликни ўз зиммасига олган. Вазирнинг сўзларига кўра, у аллақачон бир нечта мансабдор шахсни ишдан бўшатган. Бутковичнинг таъкидлашича, вазият порт маъмурияти санкцион яхталар борлиги ҳақида билмагани билан мураккаблашган.

Хорватия оммавий ахборот воситалари, жумладан Večernji List нашри яхтани миллиардер Алишер Усмонов ва унинг собиқ рафиқаси, Бутунроссия бадиий гимнастика федерациясининг президенти Ирина Винер билан боғламоқда. Шу билан бирга, Усмоновнинг вакили РБКга тадбиркор Хорватия матбуотида тилга олинган Irina VU  яхтасига эгалик қилмаслигини айтган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.