Икки нафар ИИБ ходими Тошкентда ёшларни калтаклади: прокуратура текширув ишларини ўтказмоқда
Nemolchi.uz таҳририятига 7 июндан 8 июнга ўтар кечаси икки ёш калтаклангани ҳақида хабар келиб тушди.
“Икки нафар милиция ходими Йўлдошев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек мени ва дўстимни қаттиқ калтаклаб, бурнимни синдирди, кўкрак ва қорнимга тепишди, жинсий зўравонлик билан таҳдид қилишди, сўкишди ва ҳақорат қилишди. Менинг йигитимни эса ҳушидан кетиш ҳолатига қадар калтаклашди: унинг мияси чайқалган, қон қуйилган, кўп сонли гематомалар бор”.
Ёшларнинг сўзларига кўра, ИИБ ходимлари ҳужжатларни текшириш учун уй яқинида уларнинг олдига келишган, улар ҳужжатларини тақдим этган, ҳужжатлар текширилган, бироқ шунга қарамасдан милиция бўлимига олиб боришларини айтишган. Қиз ҳеч қаёққа бормаслигини, бунга асос йўқлигини айтган, лекин ходимлар уларнинг қўлларини қайириб, машинага солиб олиб кетишган. Қиз ҳаммасини телефон камерасига олган, бироқ ИИБ ходимлари телефонни олиб қўйган ва ёзувларни ўчириб юборган. Уларни Мирзо Улуғбек тумани ИИБга олиб келишган, база орқали текширишган ва ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмагани учун қўйиб юборишган.
Ёшларнинг айтишларича, Йўлдошев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек уларни қўйиб юбормай, телефонларини олиб, қаергадир олиб бормоқчи бўлишган. Қиз яна рад жавобини бериб, уйига боришини айтган. Бунга жавобан ходимлардан бири унинг қўлидан ушлаб, судраб машинага олиб борган, уни машинага тиқиб, бор кучи билан юзига мушт туширган ва бурнини синдирган. Йигит унинг томонини ола бошлаганида эса ИИБ ходимлари унинг қўлларини қайириб кишан солишган, бир неча марта уришган ва машинага тиқишган.
Йўлда қиз улар қаерга кетаётганларини сўраган, лекин улар кулиб, жинсий зўравонлик билан таҳдид қилишган.
“Йигит яна қизнинг тарафини ола бошлаган, шунда уни машинанинг ичида резина тўқмоқ билан калтаклай бошлашган, у ўзини ҳимоя қила олмасди, чунки у кишанланган эди. Кейин уни машинадан чиқариб, полда судраб, иккаласи бор кучи билан дўппослаган. Қиз қўрқувдан қоча бошлаган, бироқ ходимлардан бири унинг орқасидан етиб олган ва унинг кўкраги ва ошқозонига тепган, сўнг уни машинага қамаб қўйган. У ёрдам сўраб рация томонга ҳаракат қилганида, уни яна калтаклай бошлашган”, – дея қайд этади лойиҳада.
Шундан сўнг уларни 3-ШМБга олиб келишган. Жабрланувчида ҳайз кунлари бўлган, шу боис унинг қорнига тепишганида қон кета бошлаган, бироқ участкада унда ёрдам беришмаган, ҳатто сув ҳам беришмаган. Уни аввалига ёлғиз ўзини хонага қамаб қўйишган, кейин эса,тахминан, доимий яшаш жойи бўлмаган маст эркаклар билан бирга кичик, ҳаво ўтмайдиган хонага жойлаштиришган ва ўтиришга жой йўқлиги учун стулча беришган. Қизнинг дорихонага бориш илтимосига жавобан ходим уни ҳақорат қилган, шунингдек, резина тўқмоқ билан туртган. Улар ҳибсга олингани ҳақида қариндошларига ҳеч ким хабар бермаган ва уларнинг ўзларига ҳам қариндошлари билан боғланишга рухсат беришмаган.
Эртаси куни эрталаб қизнинг қариндошлари танишлари орқали унинг қайси бўлимда эканлигини аниқлашга муваффақ бўлишган. Улар участкага келиб, тасодифан деразадан қизни ва унинг йигитини калтаклашганини кўриб қолишган. Қизнинг опасининг сўзларига кўра, қиз қўрқиб турарди, унга нафақат жисмонан, балки маънавий жароҳат етказишган. Қизнинг қариндошлари ИИб ходимларининг устидан ариза ёзишган, жароҳатларни видеога олишган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Nemolchi.uz таҳририятининг сўровига жавобан, мазкур факт бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилгани ҳақида хабар беради. ИИББ қатъий ва принципиал ҳаракат қилишини, айбдорлар қонун доирасида тўлиқ жавобгарликка тортилишини билдирди.
Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Шарҳлар