Иккинчи фуқаролиги борлиги ҳақида хабар бермаганлик учун жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда

Фото с сайта UzReport

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари бошқа давлат фуқаролигини олган ва бу ҳақда Ўзбекистон давлат органларини хабардор қилмаган ўзбекистонликларни жавобгарликка жалб қилишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда UzNews нашри ИИВга таянган ҳолда хабар беради.

Конституциянинг 21-моддасига мувофиқ Ўзбекистонда бутун республика ҳудуди бўйлаб ягона фуқаролик ўрнатилгани қайд этилади. Бироқ амалда хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ўша ернинг фуқаролигини олган ҳолатлар маълум, чунки иккинчи фуқароликнинг мавжудлиги айрим мамлакатларда қонун билан тақиқланмаган.

Бунда амалдаги қонунчилик ваколатли органларга Ўзбекистон фуқаролари томонидан хорижий фуқароликни олиш ҳолатларини аниқлаш мажбуриятини юклаган, чунки фуқаролар ушбу факт ҳақида давлат органларига хабар беришга мажбур эмас.

Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадларида депутатлар бир овоздан қонун лойиҳасини учинчи ўқишда маъқуллади.

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни кўзда тутади:

  • Ўзбекистон фуқаролигида бўлган ва чет давлат фуқаролигини олган шахсларни, чет давлат фуқаролигини қабул қилган кундан бошлаб ўттиз календарь куни ичида хабар бериш тартиби жорий қилинди;
  • МЖтКга Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролиги олганлиги хақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик киритилди;
  • Ўзбекистон фуқаролиги тугатилган шахс томонидан, Ўзбекистон фуқаролиги паспорти ёки идентификация ID-карталаридан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди;
  • Давлат хизматчилари ёки ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёки давлат органларида ташкилий-бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик функцияларни бажарадиган Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролиги олганлиги ҳақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик белгиланди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмита аъзоси, депутат Фарҳод Ашматовнинг сўзларига кўра, қонун кучга кирган тақдирда, қуйидаги натижаларга эришилади:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишдаги ҳуқуқий камчиликлар бартараф этилади;
  • чет эл фуқаролигини олганлиги ҳақида ўз вақтида хабар бермаганлик учун жавобгарликни ўрнатиш йўли билан Ўзбекистон фуқароларининг, айниқса давлат хизматчиларининг жавобгарлиги ошади;
  • Ўзбекистонда қўш фуқаролик билан боғлиқ эҳтимолий салбий оқибатларнинг олди олинади;

• жойларда ҳуқуқни қўллашнинг аниқ ва ягона амалиёти ўрнатилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.