Инвесторлар Yunusobod Business City лойиҳаси билан танишишди

Фото: Anhor.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил ўрталаридан қурилиши бошланган Yunusobod Business City лойиҳасининг тақдимоти амалга оширилди. Унда пойтахт ҳокимлиги вакиллари, маҳаллий ва хорижий инвесторлар, ОАВ ҳодимлари, мустақил журналист ва блогерлар иштирок этди.

Унда, Тошкент шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, саноатни, туризмни ривожлантириш ва хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш масалалари бўйича ўринбосари Шароф Рахманов лойиҳа ва унинг мақсадлари ҳақида йиғилганларга маълумотлар тақдим этилди. Ташкилотчилар томонидан шаҳарнинг инвестицион муҳитини яхшилашда катта аҳамиятга эга бўлган Yunusobod Business City лойиҳасининг тузилиш структураси, жойлашган ўрни, қандай иншоотлардан ташкил топиши ва бошқа қатор маълумотлар берилди.

“Yunusobod Business City замонавий ва истиқболли кўп тармоқли мажмуаси ва унинг жозибадорлиги ўзига хос жойлашуви билан боғлиқ: у Марказий Осиёдаги энг йирик ботаника боғларидан бири яқинида жойлашган бўлиб, қулай экологик вазият ва ёқимли муҳит яратади. Бундан ташқари, гўзал Бўзсув канали мажмуанинг шарқий томони бўйлаб ўтиб, ландшафт жозибаси ва дам олиш имкониятларини қўшади. Шунингдек, яқин атрофда боғлар, аквапарк ва таълим муассасалари мавжуд бўлиб, у ишлаш ва яшаш учун жозибали жой. Жозибадрлигининг яна бир ифодаси лойиҳа ҳудудида 10 гектар ер майдонида рекреацион ҳудуд барпо этилади. Янгишаҳар кўчасида жойлашган Yunusobod Business City – муваффақиятли бизнес ва яшаш учун қулайлик, инновациялар ва экологик тоза муҳитнинг мукаммал уйғунлигидадир”, – дея таъкидланди учрашувда.

44,5 гектар майдонни ташкил қилувчи ушбу йирик лойиҳа Тошкент Ботаника боғига яқин бўлган ҳудудда жойлашган бўлиб, бугунги кунда лойиҳа ташкилотчилари томонидан умумий майдони 3,2 гектар ерни ташкил қилувчи 16 та бўш ер майдонлари онлайн платформага жойлаштирилганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ташкилотчилар томонидан инвесторлар учун 12 ой муддатга ер участкаларини бўлиб тўлаш таклифлари ҳам берилган. Тадбирда маҳаллий инвесторлардан ташқари, Корея ва Хитойдан келган инвесторлар ҳам иштирок этди.

Yunusobod Business City лойиҳасининг жозибадорлигини ошириш мақсадида 65 минг квни ташкил этувчи, Tashkent City Маllдан кейин ҳажми бўйича иккинчи ўринда турувчи савдо маркази ҳам қурилаётгани айтилди.

Учрашувда инвесторлар лойиҳа юзасидан туғилган саволлари билан ташкилотчиларга мурожаат қилишди. Уларнинг саволларига Тошкент ҳокими ўринбосари ва ҳокимлик вакиллари томонидан жавоблар қайтарилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.