Истеъмолчилар фойдасига 18,8 миллиард сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди

Фото: uza.uz

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига 2024 йилнинг биринчи чораги давомида фуқаро (истеъмолчи)лардан жами 3 минг 372 та мурожаат келиб тушган.

Мазкур ариза ва шикоятларнинг 2 минг 286 таси, яъни 85,6 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 18,8 миллиард сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.

“Федерация ва унинг ҳудудий ижро органлари томонидан 9 та ҳолатда истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб суд органларига даъво аризалари киритилди. Мазкур аризаларнинг ижобий ҳал этилиши натижасида 283,6 миллион сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди”, – дейилади хабарда.  

Таҳлилларга кўра, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг 33,3 фоизи савдо, 14,3 фоизи коммунал хизмат, 9,9 фоизи электр ва 9,8 фоизи газ таъминоти соҳасига тегишли бўлса, қолган қисми хизмат кўрсатиш, сув таъминоти, транспорт, алоқа ва интернет, соғлиқни сақлаш; ва бошқа соҳаларга тўғри келади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.