Январь ойидаги электр ўчиши сабабли истеъмолчилар фойдасига 4,5 млрд сўм қайта ҳисобланди

Источник: unsplash.com

25-27 январь кунлари ягона электр тармоғида содир бўлган авария натижасида электр таъминотидаги узилишлар туфайли истеъмолчилар фойдасига 4,5 миллиард сўм қайта ҳисоблаб чиқилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева маълум қилди, деб ёзади “Новости Узбекистана” нашри.

Газ истеъмолчилари ҳам маблағларини қайтариб олган. Бунга карантин чоралари жорий этилгани ва кейинчалик давлат дастури доирасида янги смарт-ҳисоблагичлар ўрнатилиши муносабати билан газ ҳисоблагичларини даврий текширувдан ўтказиш кечиктирилгани сабаб бўлган. Натижада 14 мингдан ортиқ истеъмолчига текшириш учун тўланган тўловлари қайтарилган, қайтарилган маблағ миқдори 634 миллион 700 минг сўмни ташкил этган.

Йил бошидан буён Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 7 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. Бунда мурожаатларнинг 42% уй-жой-коммунал ва транспорт хизматлари, 33% – савдо ва умумий овқатланиш, 18% – алоқа, молиявий ва ижтимоий хизматлар, 7% – реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тааллуқли бўлган.

Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 79% қаноатлантирилган, 14% бўйича тегишли тушунтиришлар берилган, 5% ваколатли органларга юборилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.