Япония ҳукумати сув таъминоти ва санитария инфратузилмасини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга 433 минг АҚШ долларини тақдим этади

Источник: ЮНИСЕФ

Япония ҳукумати Ўзбекистонга 433000 АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатмоқда. ЮНИСЕФга топшириладиган ушбу грант доирасида Япония Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги бирламчи тиббиёт муассасаларини қўллаб-қувватлайди.

«Япония ҳукумати Ўзбекистонга, шунингдек, минтақадаги Афғонистонга қўшни давлатларга ЮНИСЕФ ва БМТнинг бошқа агентликлари орқали соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ва озиқланиш, ҳимоя, сув ва санитария соҳаларида ёрдам кўрсатишда давом этмоқда», – дейди Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёшинори Фужияма.

ЮНИСЕФ маҳаллий ҳамжамиятларнинг эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда тегишли тадбирларни амалга оширади. Хусусан, дастур доирасида Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги бирламчи тиббиёт-санитария муассасаларида сув, санитария ва гигиена (ССГ) тизимини яхшилаш бўйича махсус тадбирлар амалга оширилади. Сув қувурларини ўтказиш, сув таркибини юмшатиш ва фильтрлаш қурилмалари ва сув резервуарларини ўрнатиш, санитария иншоотларини қуриш ва таъмирлаш, электр ва иссиқ сув учун қуёш панеллари ва чиқиндиларни қайта ишлаш иншоотларинини қуриш шулар жумласидандир. Шу билан бирга, замонавий ССГ инфратузилмаси доимий равишда ишлашини таъминлаш учун унинг эксплуатацияси ва техник хизмат кўрсатиш амалга оширилади.

«Бирламчи тиббиёт муассасаларида зарур инфратузилманинг мавжудлиги муҳтожларга зарур хизматлар кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади”,- деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. “Соғлиқни сақлаш муассасаларида ССГ хизматлари билан бир қаторда инфекцияларнинг олдини олиш ва назорат қилишнинг самарали чоралари ҳамжамиятлар, аёллар ва болалар учун инклюзив ва сифатли хизмат кўрсатишнинг асосидир», – дея қайд этади у.

ЮНИСЕФ лойиҳани 2022 йилнинг мартидан 2023 йилнинг февралигача бўлган давр мобайнида амалга оширади. Термиз туманининг 80000 га яқин аҳолиси еттита бирламчи соғлиқни сақлаш муассасаларида такомиллаштирилган ССГ хизматларидан фойдаланишлари ҳамда маиший чиқиндиларни утилизация қилишнинг ишончли тизимидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишлари кутилмоқда. Шунингдек, улар гигиена бўйича ахборот материаллари билан таъминланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.