Кесилишига аҳоли қарши бўлган Тошкентдаги яшил ҳудуд сақланадиган бўлди

Источник: kun.uz

Мирзо Улуғбек тумани, Зайтун, Олтинтепа ва Равон кўчалари оралиғида жойлашган яшил ҳудуд жамоат боғи сифатида сақлаб қолинади ва унинг ўрнида қурилиш ишлари олиб борилмайди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилади.

Ҳокимликнинг қайд қилишича, ушбу ҳудуддаги дарахтларнинг кесилишига ҳам йўл қўйилмайди.

Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасининг маълумотига кўра, Мирзо Улуғбек тумани, Зайтун, Олтинтепа ва Равон кўчалари оралиғида жойлашган яшил ҳудуд ўрнига офис ва бошқа биноларнинг қурилишига рухсат берилмаган ҳамда лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланмаган.

Аввалроқ Kun.uz нашри «Алпомиш» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2019 йил февралдаги қарорига асосан бу ерда маъмурий бинолар қурилишидан норозилиги ҳақида хабар берган эди.

Ҳужжатда ABIS-AG компаниясига “замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозланган офис бинолари”ни қуриш учун 1,8 гектар парк майдонидан 0,4 гектар ер ажратилган.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, Ер кодексининг 36-моддасида қишлоқ хўжалигидан ташқари мақсадлар учун берилган ер майдонидан икки йил давомида фойдаланилмаса, унга бўлган мулк ҳуқуқи ёки вақтинча ёки доимий фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинади.

“Яъни, видеороликда тилга олинган Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 12 февралдаги қарорининг “Тадбиркорга ер участкасини ажратиш тўғрисида”ги қисми  бир йил аввал ўз кучини йўқотган”, — дейилади хабарда.

Пойтахтдаги яшил майдонларни асраб-авайлашга бефарқ бўлмаган фаол аҳолига ҳокимлик томонидан миннатдорчилик билдирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.