Mastercard Ўзбекистонда ўз ваколатхонаси очмоқда

Источник: CNBC

Mastercard Ўзбекистондаги биринчи расмий ваколатхонаси очилиши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда 2023 йил 16 майда Самарқандда бўлиб ўтган ЕТТБ ҳар йилги конференцияси давомида маълум қилинди, бу эса Ўзбекистон билан глобал ҳамкорлик аҳамиятини яққол намоён этади. Mastercard – тўловларни қайта ишлаш соҳасида дунёдаги энг йирик корпорация бўлиб, мавжудлик географиясини кенгайтирмоқда ва маҳаллий шериклар ва тармоқдаги манфаатдор томонлар билан муносабатларини янада мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.

“Расмий ваколатхонани очиш бизга жойлардаги эҳтиёжни яхшироқ тушуниш имконини беради ва биз энг замонавий рақамли технологик ечимларни таклиф этиб, янада ғайрат билан ишлаймиз. Эндиликда, барчанинг манфаати учун, яқин йилларда рақамли иқтисодиёт тараққиёти бўйича умумий мақсадларга эришиш йўлида, биз янада фаол ва унумли ишлашимизга аминман”,– деди EEMEA (Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Африка) минтақасида Mastercard президенти Димитриос Досис.

Конференция доирасида Mastercard инклюзив тараққиёт маркази ўта муҳим глобал шерик – Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки билан Марказий Осиёда келгусида ҳамкорликни кенгайтириш ва кичик бизнес соҳиблари, айниқса аёллар учун рақамли имкониятларни кенгайтириш мақсадида Ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ушбу Англашув меморандуми Ўзбекистон ва Қозоғистонда микро- ҳамда кичик корхоналар (МКК) рақамли имкониятларини кенгайтириш учун Марказий Осиёдаги келгусидаги ҳамкорликни ўрганишга қаратилгандир.

Ўтган йилда Mastercard ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўртасида уч йиллик Рақамли технологиялар соҳасида шериклик тўғрисида келишув ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан кичик ва ўрта корхоналарни рақамлаштириш, финтех, киберхавфсизлик, туризм, ақлли шаҳар, молиявий саводхонлик, шунингдек молиянинг ҳаммабоплиги каби асосий йўналишлар бўйича Англашув меморандуми имзоланганди.

Бу йил, Рақамли технологиялар соҳасидаги шериклик тўғрисидаги келишувга мувофиқ, Mastercard Advisors Ўзбекистон Марказий банки билан биргаликда Ўзбекистонда рақамли тўловлар ўтишини янада жадаллаштиришга қаратилган тўлов экотизимини ривожлантириш бўйича 8 компонентли лойиҳани муваффақиятли якунлади. Тавсиялар мажмуи Келишув қамраб олган саккизта компонентнинг ҳар бири учун ривожланиш устуворликларини белгилайди.

“Mastercard инновацион рақамли тўлов ечимлари ёрдамида Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашишга интилади. Эътиборимиз тўловларнинг рақамли усулларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда жойлашуви ва молиявий ҳолатидан қатъи назар, барча истеъмолчилар учун хавфсиз ва ишончли транзакцияларни таъминлашга қаратилган. Биз минтақанинг ёш ва техник жиҳатдан илғор аҳолисида улкан салоҳиятни кўряпмиз ҳамда тадбиркорлик ва инновацияларни қўллаб-қувватловчи ҳамкорлик ва дастурларга инвестиция киритамиз”, – деб айтди EEMEA (Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Африка) минтақасида Mastercard президенти Димитриос Досис.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.