MediaHub: Ўзбекистон фуқароларини Украинадаги уруш учун “Вагнер” ХҲКга ёллаш бошланган

Источник: mediahub

Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари Украинадаги уруш учун “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ижтимоий тармоқлар орқали хавфсизлик компанияларидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонлар ниқоби остида жалб этила бошланди, деб ёзади «Медиазона» MediaHub журналистик суриштирувлар марказига таянган ҳолда.

Журналистлар сўнгги бир неча ҳафта ичида ижтимоий тармоқларнинг қирғиз ва ўзбек сегментларида Россиядаги хусусий қўриқлаш корхоналарига ишга қабул қилиш ҳақидаги эълонлар пайдо бўлгани ва уларда 100 минг рубль маош ва йўл харажатлари учун тўлов таклиф қилинганини пайқаган.

Шу билан бирга, эълонда кўрсатилган телефон рақами бўйича мурожаат қилинганидан сўнг, энди улар “устувор йўналишлар ўзгариши сабабли” хусусий қўриқлаш корхонасига ишга қабул қилинмаётганини маълум қилиб, бошқа иш, яъни  ойига 240 минг рублга “Украинадаги махсус амалиёт зонасида топшириқларни бажариш”ни таклиф қилишмоқда. Шунингдек, тўрт ойдан ортиқ ишлаш кераклиги ҳам айтиб ўтилади.

“Ҳатто судланган одамларни ҳам олишмоқда, улар фақат Европа Иттифоқи ва НАТО мамлакатларининг фуқароси бўлмаса бас. Олти ойдан ортиқ хизмат учун Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилган шакли тақдим этилар экан. Лекин энг муҳими, улар ёлланган шахс Украинадаги махсус операция зонасида топшириқларни бажариши ва ташкилот Россия Мудофаа вазирлиги манфаатлари йўлида ишлаётгани ҳақида ёзишмоқда. Фуқаро майиб-мажруҳ бўлиб қайтган тақдирда ҳеч қандай компенсация кўзда тутилмаган ”, – дейилади MediaHub хабарида.

Ишлашга рози бўлганларга Краснодар ўлкасидаги Молькино қишлоғига келиш таклиф этилади. «Би-би-си»нинг ёзишича, Молькино қишлоғида тахминан “Вагнер” ХҲКнинг базаси ва  ёллаш пункти жойлашган. Телефон рақамини идентификация қилиш хизматидан фойдаланган журналистлар, шунингдек, эълонларда кўрсатилган контакт «”Вагнер” ХҲК» номи остида сақланганлигини ҳам аниқлаган.

“Вагнер” ХҲК ёлланма аскарлари 2014 йилдан бери Донбассдаги жанговар ҳаракатларда қуролли айирмачилар томонида қатнашиб келади. Бу тузилмалар россиялик тадбиркор ва Россия президенти Владимир Путиннинг “ошпази” Евгений Пригожин билан бевосита боғлиқ, деб ҳисобланади. Расман ушбу тузилмада хизмат қилувчи ходимлар Россия қуролли кучларига алоқадор эмас, лекин улар Мудофаа вазирлигига тегишли инфратузилма ва транспортдан фойдаланади, шунингдек, ҳарбий орден ва медалларни олишган“, деб ёзади нашр.

Маълумки, 2014 йилдан бери Украина шарқидаги ҳарбий тўқнашувларда Марказий Осиё давлатларидан келган одамлар ҳам қатнашган. Ватанида уларга қарши ёлланма жинояти учун жиноий ишлар очилиб, мамлакатга қайтиб келганларида ҳибсга олиниб, судланган ва колонияларга юборилган.

Россия томонидан Украинада бошланган уруш 147 кундан бери давом этмоқда. 20 июль куни Россия қўшинлари яқинда эълон қилинган паузадан сўнг яна Донбассда ҳужумга қайтмоқда. Шунингдек Украинанинг бошқа ҳудудларини ҳам ўққа тутиш давом этмоқда.

Украина Бош прокуратураси маълумотларига кўра, уруш пайтида мамлакатда 353 нафар бола ҳалок бўлган, яна 679 нафари яраланган. БМТ маълумотларига кўра, 24 февралдан июлгача бўлган давр ичида Украинада 4899 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.