Миллий гвардия Паркент туманидаги дам олиш жойларида патруллик қилишни бошлади

Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассислари иштирокида Тошкент вилояти Паркент туманида аҳоли дам оладиган очиқ жойларда экология ва санитария соҳасида қоидабузарликлар олдини олиш мақсадида патруллик олиб боришни бошлади. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати “Анҳор.уз”га маълум қилди.

Таъкидланишича, кўрилган чоралар самараси аллақачон сезилмоқда: ҳордиқ чиқараётган фуқаролар чиқиндиларни йиғиштириб, махсус ташкил қилинган чиқинди идишларига солмоқда. Шунингдек, патруллик хизмати натижасида жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги ҳам таъминланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 13 октябрда Миллий гвардияга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қоидабузарликларни аниқлаш ҳамда мумкин бўлмаган жойга чиқинди ташлаган шахсларга нисбатан баённомалар тузиш ваколати берилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.