Bo'limsiz

Нашида тарқатгани учун ҳибсга олинган талабага нисбатан эълон қилинган суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди

Фото: Соцсети

Нашида ортидан қамалган 20 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовга  2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган)нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда “Газета” нашри Олий судга таянган ҳолда ёзади.

Жиноят иши Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси С.Аширматов раислигида ҳамда судьялар Ҳ.Бердиқличев ва Х.Усмоновдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди. Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 17 июлдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Ушбу ажрим устидан Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят берилиши ёки протест билдирилиши мумкинлиги маълум қилган.

Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, иш ҳужжатларига кўра Жаҳонгир Улуғмуродовга тегишли бўлган iPhone Х смартфони холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтда унинг фойдаланувида бўлган телефон рақамига очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги «Шаҳид бўлиб кетсак, рози бўлингиз» номли жиҳод ва ҳижратга даъват қилувчи диний мазмундаги нашидаларни 10 нафар аъзоси бўлган «Alhamdulillah» номли гуруҳга тарқатгани аниқланган.

Шу сабабли йигитга тегишли мобил алоқа воситаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган. Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани судининг 8 майдаги ҳукмига кўра Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда туғилган, маълумоти — тугалланмаган олий)га Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.