Ногиронлиги бор шахслар учун нафақалар миқдори шу йил апрель ойидан унификацияланади

Источник: Possessed Photography/unsplash.com

2022 йилнинг апрель ойилан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланадиган нафақаларнинг миқдорлари бирхиллаштирлади ва янги доимий парваришга мухтож ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи шахсларга янги нафақа жорий этилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар беради.

Олдинги тартибга кўра, ногиронлик нафақалари турларининг миқдорларида кескин фарқланиш мавжуд бўлган. Хусусан, болаликдан ногирон бўлган шахсларга 622 минг сўм миқдорида нафақа тўлаб берилган. Аммо, ҳаёт давомида ногирон бўлиб қолган шахсларга эса тайинланадиган нафақа миқдори 440 минг сўмга тенг бўлган.

Эндиликда эса, ногирон бўлиб қолиши муддатидан қатъий назар, ногиронлиги бўлган шахсларга бир ҳил миқдорда 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланиб борилади. Даслабки ҳисоб-китобларга асосан 49 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақа 41 фоизга ошади. Мазкур чорани амалга оширишга 2022 йилга қўшимча 81 млрд сўм ажратилади.

Тизимнинг ижтимоий адолатлилигини сақлаб қолиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдоридан паст бўлган ногиронлик пенсиялари миқдори 622 минг сўмгача етказилади. Бунда, ногиронлик пенсиясини олувчи 133 минг шахсларнинг пенсия миқдори ўртача 29 фоизга ошади. Мазкур чорани амалга оширишга 2022 йилда қўшимча 140 млрд сўм Пенсия жамғармаси ҳисобидан ажратилади.

Шунингдек, доимий парваришга муҳтож бўлган 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она(ота)ларга минимал истеъмол харажатлардан кам бўлмаган миқдорда (500 минг сўм) ногирон бола парвариши учун янги нафақа жорий этилмоқда.

Мазкур нафақа Фармон билан тасдиқланган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатидан келиб чиқиб тайинланади. Натижада, дастлабки ҳисоб-китобларга асосан 30 мингдан ошиқ ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи оналар учун давлат бюджетидан 2022 йилда қўшимча 157 млрд сўм ажратилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.