Bo'limsiz

Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига янги директор тайинланди

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Канокпан Лао-Арая хонимни ўзининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг янги директори этиб тайинлади. Бу ҳақда ОТБнинг мабуот хизмати хабар беради.

Лао-Арая хоним ОТБнинг Ўзбекистондаги фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда банкнинг 2023-2028 йилларга мўлжалланган янги мамлакат билан ҳамкорлик стратегиясини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнини назорат қилади.

ОТБ мамлакатнинг инклюзив ва бозор иқтисодиётига ўтиши, хусусий секторни ривожлантириш, “яшил” трансформация, иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликларни қисқартириш, минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш учун кўмакни кучайтиради.

“Мен ОТБнинг Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига раҳбарлик қилишдан мамнунман”, – деди Лао-Арая хоним. “Инвестициялар, билимлар ва хусусий сектор фаолияти орқали биз Ўзбекистонга инсон капиталини ривожлантириш, ташқи таъсирларга чидамлиликни мустаҳкамлаш ва яшил иқтисодиётга ўтишда ёрдам беришда давом этамиз”. 

Лао-Арая хоним Осиё-Тинч океани минтақасида, жумладан, Марказий Осиёда 25 йилдан ортиқ ривожланиш ва иқтисодиёт соҳасида тажрибага эга. У ОТБга 2001 йилда Таиланд Молия вазирлигидан келган ва шундан бери банкда бир қатор юқори лавозимларда ишлаган. Тайинланишидан олдин у Қирғизистон Республикасида ваколатхона директори бўлиб ишлаган ва у ерда банк фаолиятини, жумладан Қирғизистон иқтисодиёти ва аҳолиси саломатлигига ҳалокатли таъсир кўрсатган COVID-19 пандемияси билан боғлиқ кўмакнинг кўрсатилишини бошқарган.

Лао-Арая хоним Таиланд фуқароси бўлиб, АҚШнинг Индиана университетининг (Блумингтон) иқтисод фанлари номзоди ва магистр даражасига ва Таиланднинг Чулалонгкорн университетининг иқтисод бўйича бакалавр даражасига эга. Лао-Арая хоним ОТБнинг Жанубий Осиё департаменти бош директори ўринбосари этиб тайинланган Синди Малвичини ўрнига тайинланди.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар ОТБ Ўзбекистонга умумий қиймати 11,5 миллиард АҚШ долларлик 240 та қарз, грант ва давлат секторига техник кўмак ажратди. Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (CАРЕC) дастури доирасидаги минтақавий ҳамкорлик ва интеграция ташаббуслари ОТБнинг Ўзбекистондаги фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.