Петербурглик физик олим давлатга хиёнат иши бўйича етти йилга қамалди

Фото: новая газета

Санкт-Петербург шаҳар суди Александр Курановни 7 йилга қаттиқ тартибли колонияга ва 100 минг рубль миқдорида жаримага ҳукм қилди, дея хабар беради суд матбуот хизмати. Суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Терговчиларнинг сўзларига кўра, “Кўп йиллар давомида гипертовушли технологиялар билан шуғулланган Куранов чет эл фуқаросига ушбу илмий ишланмалар ҳақидаги махфий маълумотларни етказган”. “Интерфакс”нинг ёзишича, олим аввалроқ “Аяус” гипертовушли самолётини яратишда иштирок этган ва ушбу тадқиқотлар доирасида АҚШ ва Хитой вакиллари билан мулоқот қилган.

Гипертовушли тизимлар илмий-тадқиқот корхонасининг собиқ бош директори ва бош конструктори Куранов 2021 йил ёзида ҳибсга олинган, шундан сўнг олим тергов изоляторига жўнатилган.

Куранов 18 та ихтиро ва 120 та илмий мақола муаллифи бўлиб, бутун умрини бошқариладиган гипертовушли самолётлар устида ишлашга сарфлаган. Шунингдек, у Санкт-Петербург давлат политехника университетининг бошқарув тизимлари ва технологиялари кафедраси профессори бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.