Президент Cоғлиқни сақлаш вазирлигига тиббий муассасаларнинг моддий-техника базасини яхшилаш дастурини ишлаб чиқишни топширди

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида барпо этилган янги хирургия мажмуасини кўздан кечирди. Шу ерда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Республика эндокринология, кардиология ва хирургия марказларининг ҳудудлардаги иши қониқарли эмаслиги қайд этилди. Шу боис, 23 та ихтисослашган марказ, вилоят ва вазирлик ўртасида уч томонлама шартнома тузиш таклифи илгари сурилди. Бунда марказлар ҳудудларда касалликларни эрта аниқлаш, юқори технологик даволаш ва уларни камайтириш бўйича, вилоят ҳокимлари шифохоноларини юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш бўйича, вазирлик эса ҳудудларда яхши натижа қилган шифокор ва марказ раҳбарларини рағбатлантириш бўйича мажбурият олади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бу йил 300 та маҳаллада тиббиёт пунктлари, келгуси йил 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар ташкил этиб, уларни жиҳозлаш вазифаси қўйилди. Туғруқ ўринларини босқичма-босқич кўпайтириш, мавжудларининг шароитини яхшилаш, туғма нуқсонларнинг олдини олиш, оналарни фойдали дори воситалари билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ихтисослашган марказларда янги юқори технологик даволаш усуллари жорий этилиши, 640 та тез ёрдам машинаси харид қилиниши айтилди.

Вазирлар Маҳкамасига ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш, меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш масалаларини қамраб олган қарор лойиҳасини тайёрлашга топшириқ берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.