Қалбаки долларларни сотаётган шахслар ушланди

Фото: видеодан нусха

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1994 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар шахс ҳар бир қалбаки АҚШ долларини 7500 сўмдан ҳисоблаб, харидорга қалбаки 18.800 АҚШ долларини 141 млн. сўмга сотган вақтларида ушланган ва улардан қўшимча қалбаки 9.500 АҚШ доллари ҳам ашёвий далил сифатида олинган.

Оҳангарон туманида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшовчи, 1997 й.т., муқаддам одам савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланиб, ҳозирда пробация назоратида бўлган шахс қалбаки 20 минг АҚШ долларини ҳақиқий 14 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, харидорга қалбаки 12.000 АҚШ долларини берган вақтида қўлга тушган.

“Унинг яшаш хонадонидан ҳам қалбаки 400 АҚШ доллари тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Тезкор тадбир давомида, воқеа жойига бирга келган унинг шериги – Олтиариқ туманида яшовчи, 2000 й.т., муқаддам судланган фуқаро бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида ҳам қалбаки 10.500 АҚШ доллари борлиги маълум бўлди”, – дейилади хабарда.

Тошкент туманида Андижон вилоятида яшовчи, 1980 ва 1999 йилларда туғилган 2 нафар шахс ҳар бир қалбаки 100 АҚШ долларини ҳақиқий 40 АҚШ долларидан ҳисоблаб, харидорга қалбаки 20.000 АҚШ долларини ҳақиқий 8 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.