Қозоғистонда вафот этган Ўзбекистон фуқаролари Термез халқаро аэропортига олиб келинди

Фото: ФВВ

Қозоғистон Республикаси Актобе области Алгин райони ҳудудида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган Ўзбекистон фуқаролари Ватанига қайтарилди, деб ёзмоқда ФВВ матбуот хизмати.

“Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг топшириқларига асосан, Ҳукумат фармойиши билан Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бошчилигида ташкил этилган махсус комиссия кеча, 4 апрель куни Қозоғистон Республикаси Актобе областига етиб борди. Махсус комиссия аъзолари Қозоғистон Республикасининг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашиб,  белгиланган ташкилий ва амалий тадбирларни ҳамкорликда олиб боришди. Шундан сўнг Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус бортида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган фуқаролар Қозоғистон Республикасидан 5 апрель куни соат 03:00 ларда Сурхондарё вилоятидаги “Термез” халқаро аэропортига олиб келинди”, – дейилади хабарда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қозоғистон Республикаси масъул идоралари юзага келган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни  Ўзбекистонга олиб келинишида яқиндан кўмаклашдилар.

Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 8 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.