«Самарқанд» аэропортининг янги терминали 1 апрелдан халқаро рейсларга хизмат кўрсата бошлайди

Фото: Роман Валиев

Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида бўлиб ўтган “Туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш уфқлари” мавзусидаги панел муҳокамасида аэропортларнинг туризмни ривожлантиришдаги ўрни ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева, Самарқанд аэропорти замонавий ва маълум даражада экспериментал лойиҳа эканини таъкидлади.

“Бу 2019 йилдан буён амалга оширила бошланган улкан лойиҳа бўлиб, унинг юқори нуқтаси 2021 йилга тўғри келди. Энг қийини, аэропорт фаолиятини тўхтатмай туриб, аэродром ва аэровокзал қуриш эди. Аэродром мажмуаси очилишидан тахминан бир ой олдин парвозлар тўхтатилди. Ҳар биримизнинг ўз инвестиция дастуримиз – давлат ҳамкорлигида аэродром, хусусий шерикчиликда бўлганларда эса терминал қуриш вазифаси бор эди.  Умуман олганда, лойиҳа қиймати,тахминан, 150 миллион долларга тўғри келди. Биз уни том маънода 18 март куни очдик. Ҳозир биз божхона ва чегара назорати, йўловчилар ва юкларни рўйхатга олиш учун янги ечимлар орқали ўтказиш имкониятини оширишга қодир бўлган, хизмат кўрсатиш технологияси жорий этилган аэровокзал мажмуасини фойдаланишга топширишни якунламоқдамиз. 1 апрелдан янги терминал тўлиқлигича ишлаб, халқаро қатновларга хизмат кўрсатади”, — дея хулоса қилди Раъно Жўраева.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 март куни аэропорт мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Янги терминал қуриш лойиҳаси “Air Maracanda” МЧЖ ХК ва “Uzbekistan Airports” АЖ давлат ҳамкори ўртасида Ззбекистон авиация тарихида биринчи давлат-хусусий шериклик шартномаси доирасида амалга оширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.