Табиий газни қазиб чиқариш ва тақсимлаш соҳасида тартиб ўрнатилади
2022 йил 15 октябрь куни Anhor.uz нашри “Ўзбекистонда газ қаерга йўқоляпти?” мақоласида газ ўғирланиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар берган эди. Таҳририят шундай деб ёзганди: “Газ ўғирлаш Ўзбекистонда кўп йиллар давомида долзарб бўлиб келаётган муаммолардан бири бўлиб, ушбу муаммони ҳал қилишнинг яққол имкониятлари мавжудки, улардан бири интеллектуал ҳисобга олиш тизимларини жорий этиш, шаффофлик ва ойлик очиқ маълумотларни эълон қилиш маълум бир одамлар доираси манфаатларига мос келмайдиган бу муаммони ҳал қилишга имкон беради”.
Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий институтларнинг куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Мазкур йиғилишда президент табиий газ таъминоти тармоғидаги газ қудуқларидан тортиб истеъмолчиларгача бўлган барча бўғинларни тўлиқ рақамлаштириш бўйича топшириқ берди.
«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти умумий майдони 700 гектар бўлган 268 та иссиқхонани табиий газдан узиб қўйгани маълум бўлгач, муаммонинг давоми борлиги маълум бўлди. Бунинг натижасида 70 минг тонна ҳосил, 30 миллион долларлик экспорт йўқолиши, энг муҳими эса, газдан узилган иссиқхоналарда ишлаётган 10 мингга яқин одам ишсиз қолиши мумкинлиги аниқ бўлди. Иссиқхоналарга газ таъминоти тўхтатилгани учун тадбиркорлар норози бўлаётганидан хабар топган Шавкат Мирзиёев зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун Администрация раҳбари Сардор Умурзоқовга тегишли топшириқ берди.
Администрация раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда иссиқхоналарга табиий газ бериш огоҳлантиришсиз тўхтатилгани, хусусан, 25 октябрь куни Тошкентда иссиқхоналари газ таъминотидан узилган тадбиркорлар йиғилиб, ҳолат юзасидан кўплаб танқидий фикрларни, норозиликларини билдирган.
Маълум бўлишича, иссиқхоналарни газдан узиб қўйган мансабдор шахсларнинг ҳаракатини администрация раҳбари «зўравонлик» деб баҳолаган. Газ ўчирилганида ресурснинг атиги 1,5 фоизи тежалиши, жойларда экспорт даражаси пасайиши, иш ўринлари йўқолиши қайд этилди.
Сардор Умурзоқовнинг топшириғига кўра, республикадаги барча метан ёқилғи қуйиш шохобчалари текширилади.
Шарҳлар