Талабалар Тошкентга қайтди… аммо, лекин, бироқ!

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

2022-2023 ўқув йили бошланди. Мамлакатимиздаги барча таълим муассаслари, мактаб, коллеж, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларида ҳам ҳаёт қайнашни бошлади. Биз ҳам уларнинг бугунги кайфияти, таълим олишга бўлган иштиёқларию, талабаларни Тошкентда кутаётган муаммо ва қийинчиликларини ўрганиш мақсадида фотосаёхатни амалга оширдик. Дастлабки манзилимиз ТИҚХММИ бўлди.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Халқона тилда Ирригация институти номи билан машҳур билим даргоҳи талаба ва уларнинг ота-оналари билан тўла. Талабалик бахтига, ўқишга иштиёқи баланд ёшлар муяссар бўлишган. Талабалик ҳақиқий “Олтин давр”, чунки унда ёш инсоннинг энг яхши онлари муҳрланади, дунёқараши кенгаяди, олий маълумотга эга бўлади. Бироқ қувончларга тўла даврнинг ўзига яраша инжиқликлари ҳам бор. Талаба қайси вилоят ёки шаҳардаги ОТМга кириши бу унинг мустақил танлови. Ўқув юрти ўзи яшайдиган шаҳар ёки вилоятда бўлсаку яхши, агар у бошқа шаҳарда бўлса, талабанинг дастлабки – истиқомат қилиш жойи муаммоси пайдо бўлди деяверинг.

Ҳозирда Ўзбекистонда 162 та давлат ва нодавлат ОТМлар фолият олиб бораётган бўлса уларнинг барчасида ҳам талабаларни ётоқхона билан таъминлаш имконияти мавжуд эмас.

2012 йилда ўқувчи ёшларни ётоқхоналар билан таъминлаш 27 фоизни ташкил этган бўлса, жорий ўқув йилида талабаларнинг 41 фоизи ётқохона билан таъминланади, деб гапирганди Олий таълим вазири А.Тошқулов, бироқ бу ваъдалар амалга ошмади. Бугунги сухбатлашган ота-оналару, талабаларнинг фикридан англаш мумкинки, ҳали хануз нафақат вилоятлардаги ОТМларда, балки пойтахтдагиларда ҳам ётоқхоналар бўйича муаммолар етарлича.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Кўпчилик талабалар ётоқхонадаги ўринларнинг танқислиги сабабли ижарада яшаяпти. Шунингдек, ётоқхонада яшаш шароитлари ҳам унчалик яхши эмас. Ётоқхонада туриш учун талаба айрим ОТМларда, ойига 200 минг сўм ва ундан ортиқ тўлов қилади. Бази холатларда эса ётоқхона бу пулга арзигулик даражада бўлмайди.

Ўтган йилги 1-курслар ётоқхонада туришган. Талабаларнинг айтишича, энди 2-курсда ўқийдиганлар ётоқхонани бўшатиб, ўзларига турар жой топишлари керак, сабаби, мутасаддилар шу йилги янги келган 1-босқич талабаларига ётоқхона берилишини айтишган.

– Хозирга вақтда квартирада туриб, ўқишга қатнаётган курсдошларим ҳам бор. Квартира битта одамга ойига 500 мингдан 1 млн 500 минг сўмгача бориши мумкин. Талабаларга эса ўзининг ўқишидан узоқ бўлмаган жойдан уй топиш жуда қийин, топилганда ҳам нарҳлари талабабоп эмас, дейди исмини ошкор этишни истамаган ТИҚХММИ 2 босқич талабаси.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Навбатдаги мнзилимиз, Тошкент Молия институти бўлди. Бу ерда ҳам биринчи ўқиш куни бўлганлиги сабаб, ҳам талабалар, ҳам уларнинг оила аъзолари билан гавжум. Талабалар ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашсангиз янги қабул қилинган талабалар ўқишга кирганидан ҳурсандлиги, ОТМдаги шароитлар яхши эканлигини қувониб гапиради, 2 ва ундан юқори курсдаги айрим талабалар, йигит ва қизларда эса яна шу ётоқ жой муаммоси.

– Мен Тошкент Молия институтининг 2-курс талабасиман. Ўқишга Наманган вилоятидан келганман. 1-курсда ётоқхонада яшадим. Ўша пайт ойига 200 мингдан тўлаганмиз. Талабалар турар жойидан чиқишимнинг сабаби, жой йўқ. Жорий йилда 1-курслар кўп қабул қилинипти, шунинг учун 2-курсларга жой йўқ дейишяпти. Ҳозир квартира қидиряпман. Институтни ёнидан топиш қийин бўляпти. Топилган тақдирда ҳам битта одамга энг ками 500 -700 минг сўмга тушмоқда, дейди ўз фикрларини билдирган талаба.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Бошқа ҳудудлардаги ОТМлар, коллеж ва академик лицейларда ҳам шу аҳвол. Талабаларнинг кўп қисми, оилавий шароити ва имконияти сабаб дарсдан бўш вақтларида ўз билимини ривожлантириш, хорижий тилларни ўрганиш, илмий изланишлар олиб бориш ўрнига турли юмушдаги ишларга ёлланиб ишламоқдалар, сабаби, ётоқ жойларидан бошқа эхтиёжларнинг ҳам борлигидир. Тўғри, Президент ташаббуси билан талабаларнинг ижара ҳаққининг 1 қисми давлат томонидан қоплаб берилмоқда, бу ҳам фақат хонадон соҳиби, талаба билан уй эгаси ўртасида тузилган ижара шартномаси бўлган тақдирда, агар уй эгаси шартнома қилишга рози бўлмасачи?

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Тошкент Молия институтида ташкил этилган штаб фаолияти

Тошкент Молия институтида ташкил этилган штаб фаолияти

Аслини олганда, бугун фақат яхши кайфиятда, энг самимий жараёнларни ёритиш иштиёқи билан камера обьективларини ўқув йилининг биринчи кунига қаратган эдик. Лекин, талаба ва ота-оналарнинг сухбатлари, узоқ йиллик қийноқли масалалари бизнинг эътибордан ҳам четда қолмади.

Мутасаддилар ушбу масалаларга тезроқ мақбул ечим топадилар деган умиддамиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.