«Террорчилик ташкилотига ёлловчиларнинг таъсири остига тушган» – ИИВ диний қўшиқларни тарқатган талабага чиқарилган ҳукм ҳақида

Фото: пресс-секретарь МВД

Талаба Жаҳонгир Улуғмуродов тақиқланган диний материалларни тарқатиш ва жиҳодга чақириш айби билан уч йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълумотларига кўра, у Tavhid va jihod katibasi халқаро террорчилик ташкилоти ёлловчиларининг таъсирига тушиб қолган ва дўстлари ҳамда яқинлари ўртасида жиҳодга даъватлар тарқата бошлаган.

Тарқатилган материаллар орасида тақиқланган ғояларни ўз ичига олган диний қўшиқ ҳам бор эди. Дин ишлари бўйича қўмитанинг эксперт хулосасига кўра, ушбу қўшиқда Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши, тайёрланиши ва тарқатилиши тақиқланган диний ақидапараст ғоялар мавжуд.

Мазкур ҳолат юзасидан 20 февраль куни йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми (ОАВ ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, жаҳон ахборот Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Суд жиноят содир этишнинг шахси, ҳолатлари ва сабабларини инобатга олган ҳолда уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги енгилроқ эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.