ТИВ ва Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонда АҚШнинг аксилтеррорчилик кучларини жойлаштириш имконияти муҳокама қилинмаётганини билдирди
Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШнинг аксилтеррорчилик кучларини жойлаштириш ҳақидаги таклифини олмаган ва бундай қадамларни амалга оширишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда ТАСС республика мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг раҳбари Баҳром Зулфиқоровга таянган ҳолда ёзади.
«Мендаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўз ҳудудида Қўшма Штатларнинг аксилтеррорчилик кучларини жойлаштириш таклифини олмаган ва бундай қадамларни амалга оширишни режалаштирмаяпти, чунки бу конституция билан тақиқланган ва мамлакатимизнинг мудофаа доктринасида кўзда тутилмаган», – дейди у.
Ўзбекистонда террорчиликка қарши курашиш учуг АҚШ қуролли кучларининг жойлаштирилиши мумкинлиги масаласи тургани йўқ ва бу муҳокама қилинмаган. Бу ҳақда Минскда МДҲ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши оралиғида журналистларга Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов маълум қилган.
Қайд этиб ўтамиз, чоршанба куни Politico нашри жорий ойда Петагон вакиллари Афғонистондаги экстремистларнинг позициялари бўйича зарбалар бериш учун АҚШ аксилтеррорчилик кучларини Ўзбекистон ҳудудида жойлаштириш имкониятини муҳокама қилиш учун мамлакатга келмоқчи экани ҳақида хабар берганди. Газетадаги маълумотларга кўра, Қўшма Штатлар маъмурияти бир неча ойдан бери Ўзбекистон ва “Толибон” ҳаракатининг назорати остидаги Афғонистон билан чегарадош бошқа мамлакатлар билан шундай музокараларни ўтказмоқда. Шунингдек, Politico нашрининг қайд этишича, Афғонистондан АҚШ қуролли кучларини олиб чиқиш фонида Ўзбекистон Американинг ташқи сиёсий “устуворликлари рўйхатида юқорига кўтарилган”.
Шарҳлар