Тошкент аэропортида биринчи расмий споттинг ўтказилди
Тошкент аэропортида илк маротаба «Кузги споттинг» (самолётларни суратга олиш) расмий тури ўтказилди. Uzbekistan Airports комапанияси 15 нафар споттер қатнашган тадбир ташкилотчиси бўлди. Тадбирда пойтахт аэропортида бўлиш ва самолётларни яқиндан туриб суратга олиш катта орзуси бўлган маҳаллий авиаспоттерлар қатнашди.
Манба: Uzbekistan Airports/Telegram
Споттерлар аэропортга учиб келиш ва учиб кетиш залларини, турли авиакомпаниялар самолётларининг қўниши-парвозини, перронни, замонавий хизмат кўрсатувчи техникаларни, багаж тизимини фотосуратга олиш имконига эга бўлдилар. Бундан ташқари, меҳмонлар учун янги учиб кетиш зали бўйлаб экскурсия ҳам ўтказилди, у йўловчилар учун яқин кунларда очилиши керак.
«Бу аллақачон содир бўлиши керак бўлган воқеа эди. Аммо кўплаб ҳолатлар сабабли аэропорт журналистлар, блогерлар ва, албатта, споттерлар учун ёпиқ объект бўлиб қолаётганди. Бироқ ҳаммаси ўзгармоқда. Менга Ўзбекистонда биринчи расмий споттинг ўтказишни таклиф қилишганида, нега энди йўқ, дедим. Барча хавфсизлик чораларига амал қилган ҳолда бунинг имкони бор, албатта. Бу бутун дунёда одатий амалиёт ҳисобланади. Бу одамларнинг авиацияга бўлган муҳаббати учувчиларникидан кам эмас, улар аэропортларимизда кутилган меҳмонларга айланиши керак», – дей қайд этади Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Келгусида Uzbekistan Airports компанияси бундай тадбирларни ўтказишни давом эттириш ҳамда хорижлик авиаспоттерларни қатнашишга таклиф қилишни режалаштирган. Бу билан компания ўзининг очиқлигини ва ҳамкорликка тайёрлигини намойиш этади.
Шарҳлар