Тошкентда аёл уч боласи билан ўзини тўққизинчи қаватдан ташлаб юборган

Фото: mezon.uz

Тошкентнинг Сирғали туманида аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлаган, уларнинг ҳаммаси жон берган. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

Ҳодиса 3 апрель куни соат 19:20 да содир бўлган, 1996 йилда туғилган А.Д. 5 ва 4 ёшли фарзандларини (бир қиз, бир ўғил) пастга ташлаб юборган. Шундан сўнг қўлига бир ёшли фарзандини (қиз) олиб, ўзи ҳам пастга сакраган. Оқибатда уларнинг барчаси олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) ва 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарда айтилишича, воқеа жойига Бош прокуратура ва Тошкент шаҳар прокуратураси раҳбарлари ташриф буюриб, улар бошчилигида тезкор-тергов гуруҳи иш бошлаган.

Олинган маълумотларга кўра, марҳума аёл Тошкент вилояти Зангиота туманида турмуш ўртоғи билан истиқомат қилган хонадонда 2022 йилнинг октябрь ойида ёнғин содир бўлгани сабабли 3 нафар фарзандлари билан бирга онасининг Сергели тумани 8-мавзедаги уйига келиб, улар билан бирга яшаб келган. Ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган.  Шунингдек, марҳуманинг турмуш ўртоғи ҳозирда Умра зиёрати мақсадида Саудия Арабистонда эканлиги аниқланган.

Таъкидланишича, тергов гуруҳи томонидан ушбу фожеанинг барча эҳтимолий сабабларини синчиковлик билан текшириш мақсадида қатор тергов тахминлари ишлаб чиқилган. Хусусан, оилавий келишмовчилик, марҳумада кузатилган руҳий ўзгаришларга олиб келган сабаблар, ўз-ўзини ўлдириш даражасига келтириш ва бошқа тахминларнинг барчаси дастлабки тергов жараёнида батафсил текширилади, дейилади хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.