Тошкентда қурилиш компанияси дарахтларни ноқонуний равишда бошқа жойга кўчириб эккани маълум бўлди

Источник: Госкомэкологии

Тошкентда “VINERA TOWER” МЧЖ томонидан қурилиш қилиш мақсадида ҳудуддаги 2 туп қимматбаҳо ва 4 туп кам қимматли бўлган жами 6 туп дарахт тегишли рухсатномасиз, қонунчиликка зид равишда бошқа жойга кўчириб ўтказилганлиги оқибатида дарахтлар нобуд қилинганлиги, шунингдек, қурилиш учун котлован қазилиши натижасида 4 туп дарахтнинг илдизига шикаст етказилганлиги аниқланди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.

Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси Дўстлик боғи яқинида ярим тунда дарахтлар кесилганлиги тўғрисида келиб тушган. Маълумотга асосан Давлат экология қўмитаси, Экологик партияси фаоллари, Тошкент шаҳар экология бошқармаси, Яккасарой туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамда туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўрганиш ўтказилган.

Қайд этилишича, бундан икки ой аввал Яккасарой тумани Экология бўлими ходимлари ҳудудни ўрганиб, 22 туп кўп йиллик дарахт мавжудлигини аниқлаган. Қурилиш ташкилотига ушбу дарахтларни кесиш тақиқланган.

Бироқ 21 ноябрь куни ушбу 22 та дарахтдан 6 таси ноқонуний равишда бошқа жойга кўчирилган. Ҳозирда қурилиш майдончасида 16 та дарахт қолган.

Экология давлат қўмитаси таъкидлаганидек, жорий йилнинг март ойида “Vinera Tower” компанияси томонидан мазкур ҳудуддаги 6 туп дарахт ноқонуний равишда кесилиб, ўсимлик дунёсига 430 миллион 515 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Сентябрь ойида Тошкент туманлараро хўжалик суди етказилган зарарни ундириш тўғрисида қарор чиқарган.

Ўзбекистон Экологик партияси “бундай ҳолатларни кескин қоралаб, тегишли идоралардан қонуний чора кўришни” сўраган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.