Тошкентнинг 73 та марказий кўчасида жамоат транспорти учун ажратилган йўлак пайдо бўлади

Источник: СБДД

Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент ва вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш чоралари бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда Тошкент шаҳридаги 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этиб, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Бу орқали, автобуслар ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиб, кечикишлар бартараф этилади.

Шу пайтгача бўлган кунлик тушум “плани”ни белгилаш амалиёти бекор қилинади. Эндиликда маблағ автобуснинг юрган масофаси ва одамлар бу хизматдан розилигига қараб берилади.

Хизмат сифатига – автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берадиган тизим бўлади.

Президент йил якунига қадар барча автобус маршрутлари аҳоли эҳтиёжи асосида қайта кўриб чиқилиши шартлигини таъкидлади.

Вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги ва Транспорт университети билан биргаликда 1 июлга қадар барча вилоят марказларининг Транспорт бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди. Бунда аҳоли орасида алоҳида сўров ўтказиб, уларнинг фикрларини олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Автобуслар паркини кенгайтириш учун ташувчи тадбиркорларга автобус паркини янгилашни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Масалан, автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.