Қуёш энергияси ҳаётимизда: “ойкезар” модулидан қуёшда ишлайдиган сув иситгичигача
Қуёш энергияси кўплаб замонавий яшил технологияларнинг асосига айланди ва кундалик ҳаётимизда тобора муҳим рол ўйнамоқда. У электр ёки иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун ишлатилади, бу бизга қазиб олинадиган ёқилғи турлари каби анъанавий энергия манбаларига қарамликни камайтиришга, иссиқхона газларининг атмосферага чиқиб кетишини пасайтиришга ва бутун энергетика саноатининг барқарорлигини таъминлашга, шунингдек, уй ёки бизнес учун электр энергиясини тежашга имкон беради (чунки, қуёш энергияси қайта тикланадиган манбадир).
Уни қўллаш доираси жуда хилма-хил бўлиб, баъзида тасаввурни лол қолдиради. Фотоэлектр элементлар ёрдамида электр токига айлантирилган қуёш энергияси нафақат маиший техника, компьютерлар, лампалар ва кондиционерларни, балки автотранспорт воситаларини (“ойкезар” модули унинг прототипи бўлди) ва учувчи аппаратларни ҳам қувватлай олади. Кўзгулар билан жамланган қуёш энергияси ишлов бериш саноатида ёки овқат пишириш учун ишлатилиши мумкин.
Ниҳоят, қуёш энергиясини махсус тўпловчилар ёки абсорберлар ёрдамида иссиқликка айлантириш мумкин.
Уйларда, сузиш ҳавзаларида ёки саноат жараёнларида сувни иситиш учун ишлатиладиган қуёшда ишлайдиган сув иситгичлари шундай ишлайди.
Қуёшда ишлайдиган сув иситгичининг асосий компонентлари бу тўпловчилар ёки коллекторлар, иссиқлик ташувчиси, иссиқ сув сақлаш идиши ва ростлаш тизимлари ёки контроллерлар ҳисобланади.
Қуёш коллекторлари одатда бинонинг томига ёки очиқ майдонга ўрнатиладиган, қуёш нурланишини ютадиган ва уни иссиқликка айлантирадиган панеллардир. Қуёш коллекторлари ясси ёки вакуумли қувурлардан ташкил топган бўлиши мумкин.
Иссиқлик ташувчиси суюқлик (одатда антифриз) бўлиб, қуёш коллекторлари орқали айланади ва қиздирилган иссиқликни сувга ўтказади. Иссиқлик ташувчиси сувни тўғридан-тўғри иситиш ёки иссиқлик алмашинувчиси орқали иссиқликни узатиш учун ишлатилиши мумкин.
Қуёш коллекторларидан олинган иссиқ сув керакли вақтда фойдаланиш учун махсус резервуарда сақланади. Иссиқлик йўқотилишини минималлаштириш учун одатда идишни лойиҳалашда иссиқлик изоляцияси қўлланилади.
Қуёшда ишлайдиган сув иситгичлар, шунингдек, тизимнинг ишлашини оптималлаштириш ва сув ҳароратини бошқариш имконини берувчи назорат ва тартибга солиш тизимлари билан таъминланган.
1-расм. Тураржой биноси мисолида қуёшда ишлайдиган сув иситгичнинг қўлланиши
“Solar City Solutions” МЧЖ 2015 йилдан буён Ўзбекистонда қуёшда ишлайдиган сув иситгичларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Энг оммабоп тизим «Compact – Sun 4U» ҳисобланади. Тизим юқори самарадорлик билан 200 литр учун мўлжалланган, бу иссиқ сув билан таъминлаш тизимларининг энг оддийидир. 3-4 кишилик оила учун идеал мос келади. Ушбу тизим ҳамёнбоп, ишончли, ишлатиш учун қулай ва доимий техник хизмат кўрсатишни талаб қилмайди.
Ушбу тизимнинг ишлаш принципи қуйидагича: бундай тизимларда вакуум қувурлари маълум бир бурчак остида жойлашган ва сақлаш резервуарига уланган. Боросиликат шиша колба ичида нано-суюқлик тўлдирилган “Heat Pipe” мис қувури мавжуд бўлиб, у қуёш нурлари таъсирида 300°C гача қизийди, ўз навбатида «Heat Pipe» иситиш элементи ролини ўтаб, идиш ичидаги сувни иситади. Кечқурун сувни иситиш учун 1,5 кВт қувватга эга ўрнатилган электр иситиш элементи, 6 бар хавфсизлик крани тақдим этилади. Ушбу тизим энг тезкор мижозларнинг истакларини қондиришга қодир. Compact – Sun 4U — доимий равишда ошиб бораётган газ ва электр нархларидан фарқли ўлароқ, ҳақиқатан пулни тежайди.
Ишлаб чиқарилган қуёшда ишлайдиган сув иситгичлари маълум лойиҳа учун алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Ушбу тизим ҳеч қандай чекловларга эга эмас, у саноат ва маиший эҳтиёжлар учун катта ҳажмдаги сувни иситишга қодир.
Қуёшда ишлайдиган сув иситгичларидан фойдаланишнинг афзалликлари нафақат электр энергиясини тежаш, балки бутун дунё миқёсида қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланиш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ёрдам беради. Улар, айниқса қуёш энергияси ортиқча бўлган ҳудудларда, узоқ муддатли ва ишончли.
“Яшил” технологияларга асосланган бундай лойиҳалар халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳам таъкидлаш лозим. Улардан бири ЕТТБ (Европа тикланиш ва тараққиёт банки). ЕТТБ корхоналарнинг энергия тежаш салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашади ва энергия самарадорлигини оширишга ёрдам беради. ЕТТБ Ўзбекистондаги ҳамкор банклари орқали кичик ва ўрта корхоналар ҳамда корпорацияларга яшил технологияларга сармоя киритиш учун кредитлар беради.
Ipak Yuli, Hamkorbank, SQB банклари ЕТТБнинг биринчи маҳаллий ҳамкорлари бўлиб, хусусий компанияларени кредитлаш учун жами 60 миллион долларлик яшил кредит линияларини олишди. Кредитлар иссиқлик изоляцияси, фотоэлектр ва иссиқлик қуёш панеллари, геотермал иссиқлик насослари ва сувни тежайдиган суғориш тизимлари каби яшил технологияларга инвестицияларни қоплайди. Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 121 та лойиҳа доирасида 3,8 миллиард евро ҳажмида сармоя киритган.
Рустам Ҳамидов, т.ф.н., доцент, “Фурсат маскани” бизнес инкубатори
Игорь Огай , “Solar City Plus“ МЧЖ
Шарҳлар