Украина разведкасининг вакили Ўзбекистон санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бераётганини билдирди

Вадим Скибицкий. Источник: Скриншот видео

Россия Украинага қарши урушда нафақат Эронга, балки Хитой ва Шимолий Кореядан ҳам ёрдам сўраган. Қозоғистон ва Ўзбекистон Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Украина разведкаси бош бошқармасининг вакили Вадим Скибицкий La Repubblica нашрига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «Gazeta.ua» нашри.

“Улар (россияликлар) қурол етказиб бериш учун Хитой ва Шимолий Кореяга, эҳтимол Қирғизистонга ҳам мурожаат қилишган. Хусусан, «Смерч» ва «Ураган» бир нечта ракета отиш мосламалари учун ўқларни. Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар Россияга ракеталарни яратиш учун зарур бўлган Америка ва Япония фуқаролик компонентларини сотиш орқали санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермоқда”, — дейди Скибитский.

Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбий парадларда намойиш этадиган ўта замонавий қуролларга эга эмас. Скибицкийнинг сўзларига кўра, бу шунчаки саҳна томошаси. Москва юқори технологик қуролларни ўзи ишлаб чиқара олмайди, шунинг учун у бошқа мамлакатларга мурожаат қилади.

Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги бу маълумотни рад этди.

“Россияга ракеталарни яратиш учун зарур бўлган Америка ва Япония компонентлари сотилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Шу билан бирга, Қозоғистон ҳукумати 2023 йил 23 августгача ҳарбий/икки мақсадли маҳсулотларни экспорт/реэкспорт қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилганини таъкидлаш лозим”, — дейилади вазирлик хабарида.

Ҳозирча Ўзбекистон расмийларидан бу борада расмий маълумотлар келиб тушмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.