Украинанинг Балаклея шаҳрида икки нафар ўзбекистонлик асирга олинди
Украинанинг қарши ҳужуми давомида ортга чекинаётган Россия қўшинлари Балаклея атрофида асир тушаётгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, асирлар орасида Россия тарафида туриб жанг қилган ўзбекистонликлар ҳам бор. Интернетда тарқалган видеода украин ҳарбийлари икки ўзбекистонликни асир олганини кўриш мумкин. Россия армияси сафида хизмат қилган ҳар икки эркак ўзларининг самарқандлик эканини айтишган, деб ёзади Kun.uz нашри.
Улардан бири видеода Россияда беш йилдан бери ишлаб келаётгани, ноқонуний ишлаб юрган пайтда урушга мажбуран юборилганини айтган бўлса, бошқаси талаба экани, пул учун ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга рози бўлганини таъкидлаган.
“Москвада қурилишда ишлардим. Ҳужжатларим йўқ эди, шу ҳолатда 5 йил ишлаб келаётгандим. Мени бу ерга мажбурлаб юборишди. Бу ерга келишни хоҳламагандим. Келишга мажбур бўлдим. Кечиринглар мени. Биз келган машинада беш киши бор эди. Командирнинг исмини билмайман. Ўтган кеча тунаган жойимни аниқ билмайман”, дейди Самарқанд вилоятидан эканини айтган, бироқ йиғи аралаш овозидан фамилиясини англаб бўлмаган эркак.
“Ёшим йигирма иккида. Ҳеч қаерда хизмат қилмаганман. “Редут” хусусий ҳарбий компаниясига миномётчи бўлиб ёлланганман. Тўғриси, қаердан келаётганимизни ҳам, қаерга бораётганимизни ҳам билмайман. Бизни бу ерга “Камаз”да олиб келишди. Ёнимда Ўзбекистондан яна бир йигит бор эди. Россияда ўқирдим, пул керак бўлгани учун хусусий ҳарбий компанияга ёллангандим”, дейди ўзини Муҳриддин Аҳмедов деб таништирган йигит.
УҚК (Украина Қуролли Кучлари) Украина шаҳарларини озод қилиш ва шарқ томонга ҳаракатланишда давом этмоқда, дея қайд этади «Дождь» телеканали. Россия Мудофаа вазирлиги эса Балаклея ва Изюм ҳудудларида рус қўшинлари “қайта гуруҳланаётгани” ҳақида маълум қилган.
Аввалроқ Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларини ижтимоий тармоқлар орқали қўриқлаш компанияларидаги бўш иш ўринлари ниқоби остида Украинадаги уруш учун «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёллашни бошлашгани ҳақида хабар бергандик.
Шарҳлар