Урганчда қуриладиган туннель тафсилотлари маълум бўлди

Источник: Агентство культурного наследия

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Урганчдаги Аль-Хоразмий ва Ислом Каримов номидаги кўчалар кесишмасида жойлашган майдонда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Вазир бу майдон Хоразмнинг “ташриф қоғози”га айланиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Маданий мерос агентлигида маълум қилишди.

«Майдон композициясининг асосини Жалолиддин Мангубердининг от устида турган ҳолати акс этган, баландлиги 25 метрлик ҳайкали ташкил этар экан, унинг атрофидаги инфратузилмани яратишда аҳоли гавжум майдон бўлишига асосий эътиборни қаратиш зарур…  Ҳайкал ўрнатилган майдон ҳудудидаги макон улкан Хива гилами кўринишини акс этади, – дея қайд этади бош вазир ўринбосари. – Ҳайкал атрофида музей, кўнгилочар мажмуалар бунёд этилиши керак. Майдонга туташ ҳолда муҳташам санъат саройи барпо этилади. Ал-Хоразмий ҳайкали эса Паҳлавон Маҳмуд ва Ислом Каримов кўчалари оралиғидаги хиёбонда қад ростлайди ва марказий майдонга уйғун ҳолда яхлит ансамблни ташкил этади».

Шаҳарда транспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш мақсадида Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ўрнатилган майдон остидан узунлиги 470,718 км.ли автомобиль туннели ўтказилади. Ушбу туннель бош майдон остидан ўтказилган мамлакатдаги илк туннель бўлади. Кенглиги 17 метр, баландлиги 5 метр бўлган бу туннель соатига 3,5 минг автомобилни ўтказиш қувватига эга бўлади.

Жалолиддин Мангуберди ва ал-Хоразмий ҳайкали ўрнатиладиган мазкур ҳудуд 10 гектарни ташкил қилиб, айни пайтда бу ерда кенг кўламда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилмоқда, дейилади хабарда.

Ушбу объект паспортининг маълумотларига кўра, “Кўприқ қурилиш трест” объектнинг бош пудратчиси ҳисобланади.

Манба: Маданий мерос агентлиги

Аввалроқ биз Жалолиддин Мангуберди ҳайкали қандай кўринишда бўлиши ва унинг тахминий қиймати ҳақида ёзгандик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.