Uzbekistan Airways компанияси 13 январгача Алма-ата, Актобе ва Актауга рейсларни бекор қилди
2022 йил 8 январдан 13 январгача режалаштирилган HY761/762/763/764 Тошкент-Алма-ата-Тошкент, HY767/768 Самарқанд-Алма-ата-Самарқанд, HY9729/9730 Нукус-Актобе-Нукус, HY9725/9726 Урганч-Актау-Урганч, HY9727/9728 Нукус-Актау-Нукус йўналишлари бўйича авиақатновлари етиб борадиган аэропортларнинг техник сабабларига кўра бекор қилинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways компанияси хабар беради.
«Алма-ата ва Актобе, Актауга бекор бўлган парвозлар йўловчилари авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эга».
Қайд этиб ўтамиз, 2 январь куни Қозоғистонда ёқилғи нархлари икки баравар ошиши сабабли норозилик намойишлари бошлаб кетди. Уч кунлик намойишлардан сўнг мамлакат президенти Қасим-Жомарт Токаев ҳукуматни истеъфога чиқарди, нархларнинг давлат томонидан бошқарилишини жорий этди, шунингдек мамлакатнинг учта ҳудудида фавқулодда вазият режимини эълон қилди. Аммо норозилик намойиши ҳамон давом этмоқда. 5 январь куни эрталаб намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви юз берган, улар йирик шаҳарлардаги маъмурий биноларни қўлга олган.
Бутун Қозоғистон бўйлаб намойишлар натижасида 1 мингдан киши жабрланган. 400 киши касалхонага ётқизилган, 62 киши реанимацияда.
Қозоғистон президенти КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу шартноманинг 4-моддасига мувофиқ Коллектив хавфсизлик кенгаши Қозоғистонга мамлакатда вазиятни барқарорлаштириш мақсадида чекланган муддатга КХШТнинг тинчликпарвар кучларини юбориш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Никол Пашинян маълум қилган.
Шарҳлар