Bo'limsiz

Ўзбекистон ИИВ академияси бошқа мамлакатлар учун мутахассислар тайёрлашни бошлайди

Фото: https://akadmvd.uz/ru

2024/25 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академиясида бошқа давлатларнинг ички ишлар органлари учун мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими ташкил этилади. Шу муносабат билан академияда хорижий кадрлар билан ишлаш факультети ташкил этилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 августдаги тегишли қарорида сўз боради, дея хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Телеграм-каналида.

Ҳужжат билан янги факультет фаолияти тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги академиясида хорижий талабаларни ўқитиш икки томонлама ёки кўп томонлама халқаро шартномалар асосида амалга оширилиши кўрсатилган. Талабалар сони бўйича квота Ўзбекистон президенти томонидан белгиланади. Шу билан бирга, хорижликларни мутахассислик ва тайёргарлик турлари бўйича тақсимлаш давлат раҳбари ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан келишилган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан амалга оширилади.

Хорижий кадрлар Ўзбекистон олий ўқув юртига кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.

Академияда таълим уч тилда олиб борилади:

  • ўзбек;
  • рус;
  • инглиз.

Қарорда таъкидланганидек, хорижий талабаларни бакалавриат, магистратура ва олий ўқув юртидан кейинги таълим дастурлари бўйича тайёрлаш кундузги бўлимда, қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурлари бўйича кундузги ёки масофавий таълим бўйича амалга оширилади.

Хорижий фуқаролар академияни тамомлагач, белгиланган давлат намунасидаги диплом ва кўкрак нишонларига эга бўлади. Диссертацияни ҳимоя қилганларга тегишли фанлар бўйича фалсафа доктори илмий даражаси берилади.

Аниқлик киритилишича, бепул таҳсил оладиган ва Ўзбекистон олий ўқув юртларига ўқишга киришда офицерлик унвонига эга бўлмаган бўлажак ички ишлар ходимларига “Академия курсанти” лавозими учун моддий нафақа берилади. Агар чет эл фуқароси аллақачон офицерлик даражасига эга бўлса ва магистратура ёки докторантурада ўқишни бошлаган бўлса, у «катта инспектор» маошини ва унга тенглаштирилган лавозимларни олиш ҳуқуқига эга.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.