Ўзбекистон ва Туркия президентлари Сирдарё вилоятида электр станцияси қурилишига старт берди

Источник: president.uz

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга ташрифи доирасида яна бир муҳим воқеа – Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлди. Ушбу лойиҳалар Туркиянинг «Cengiz Enerji» компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.

Шавкат Мирзиёев электр станциясини бунёд этишда қатнашган муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдирди. Сўнгра икки мамлакат президентлари рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги иссиқлик электр станциясини ишга туширди ва Ховос туманидаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди.

Қибрайдаги ИЭС қуввати 240 мегаватт бўлиб, йилига 2 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради.

Ховос туманидаги янги иссиқлик электр станцияси 220 мегаватт қувватга эга, унда йилига 1 миллиард 700 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Cengiz Holding компанияси Cengiz Enerji компаниясининг таъсисчиси ҳисобланади. Компания 2000 йилда таъсис этилган. Cengiz Holding компанияси Туркияда электр энергиянинг 30% ни таъминлайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.