Ўзбекистонда туғилган уч фуқаро АҚШнинг санкциялар рўйхатига тушди

Источник: unsplash.com

АҚШ ҳукумати Россия билан алоқадор 10 нафар шахс ва 12 та компанияга нисбатан санкциялар жорий қилди. АҚШ Молия вазирлиги баёнотида айтилишича, Хорижий активларни назорат қилиш идораси (OFAC) бир қатор мамлакатларда, Вашингтонга кўра, аллақачон жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш бўйича фаолиятда иштирок этган ҳамда Россия ҳарбий саноати мажмуасини қўллаб-қувватлаган 22 нафар жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкциялар ўрнатган. Бу ҳақда Kun.uz ёзади.

Санкциялар рўйхатида Ўзбекистонда туғилган фуқаролар ҳам бор:

  • • Гилад Пифлакс – 1992 йил 23 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. «Миллати» устунида ҳам Ўзбекистон, ҳам Исроил кўрсатилган;
  • • Макс Борисович Пифлакс – 1962 йил 14 июнда туғилган. «Миллати» устунида Ўзбекистон кўрсатилган;
  • • Игорь Владимирович Зименков – 1968 йил 19 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. «Миллати» устунида Россия, Исроил ва Кипр кўрсатилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда яшовчи Mateas Limited компанияси директори Макс Пифлакс ва унинг ўғли Гилад Пифлакс Зименков тармоғига аъзо бўлиб, DES Defense Engineering Solutions LTD компаниясининг ҳамкорлари ҳисобланади.

АҚШ Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, Игор Зименков “Россия ҳарбий-саноат мажмуасини қўллаб-қувватловчи санкцияларни четлаб ўтиш тармоғини” ташкил қилган. Ушбу тармоқ вакиллари 2022 йил 24 февралдан кейин Украинадаги уруш учун Россияга юқори технологик ускуналарни етказиб бериш каби лойиҳаларда иштирок этган. Бундан ташқари, тармоқнинг баъзи иштирокчилари «Рособоронэкспорт» ва «Ростех» компанияларини қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, Игорь Зименков ўз ўғли Жонатан Зименков ва жисмоний ҳамда юридик шахслар тармоғи билан Россия мудофаа маҳсулотларини учинчи давлатлар ҳукуматларига сотишни таъминлаш борасида ҳамкорлик қилгани маълум бўлди. Улар, жумладан, чет элда вертолётларни сотиш бўйича кўплаб битимларда қатнашган, шунингдек, Россия ҳарбий техникасини сотишни таъминлаш учун «Рособоронэкспорт» нинг бўлғуси мижозлари билан бевосита мулоқот қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.