Жаҳонгир Отажонов Истанбулга уча олмади: МИБда унинг алиментлар бўйича қарздорлиги борлиги айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг Урганч шаҳар аэропортидан Истанбулга уча олмагани айтилган видео тарқалди. Маълум бўлишича, Жаҳонгир Отажонов ўғлининг операцияси сабаб Истанбулга учиши керак бўлган, аммо аэропортда унинг мамлакатдан чиқиши учун тақиқ қўйилгани айтилган. Бунга унинг МИБдан қарздорлиги борлиги сабаб қилиб кўрсатилган. МИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди, деб ёзади Daryo нашри.
МИБ маълумотига кўра, Жаҳонгир Отажоновга нисбатан судларнинг тегишли қарорларига асосан фуқаролар С.Ф., М.С. ва Е.И. лар фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундиришга оид 3 та ижро иши юритилган.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ижро ҳужжатларига асосан қарздор Жаҳонгир Отажоновдан ундирувчилар М.С. ва Е.И. фойдасига алимент ундириш белгиланган. Бюронинг Юнусобод туман бўлими томонидан эса мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган ва унинг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи вақтинчалик чекланган.
мазкур тақиқлар «Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 42−1-моддасига (Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш) мувофиқ қўйилган.
Қайд этиб ўтамиз, шу йил май ойида Жаҳонгир Отажонов Туркиядан Ўзбекистонга қайтиб, ўзининг “Эрк” мухолифот партиясидаги фаолиятини тиклаши ҳақида маълум қилганди. Июль ойида эса у сиёсатни тарк этишини айтган. Сиёсий фаолиятини якунлашга уни оиласи мажбур қилган.
Шарҳлар