Bo'limsiz

Жанубий Кореядаги сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланган Ўзбекистон фуқаролари йўқ

Фото: Yonhap

Якшанба куни тонги ҳолати бўйича Жанубий Кореяда кучли ёмғир сабабли юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлган, 10 нафардан ортиқ инсон бедарак йўқолган, минглаб одамлар хавфсиз жойларга кўчирилган, деб ёзади “Дунё” АА.

«Yonhap» ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, ўлим ҳолатларининг аксарияти Шимолий Кёнсанг вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда 17 киши асосан кўчкилар ва турар-жой биноларининг қулаши оқибатида ҳалок бўлган ва тўққиз киши бедарак йўқолган.

Эрталабки соат 6 даги ҳолатга кўра, 13 та шаҳар ва вилоятда яшаб келган 7 минг 540 нафар киши ўз уйларидан хавфсиз жойларга кўчирилган. Мамлакатда 211 та йўл ёпилган. Мустасно ўлароқ, тезюрар поездлар баъзи ҳудудларда ҳаракатни давом эттирган бўлса-да, табиий офат зонасидаги барча поездлар ҳаракати тўхтатилган.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасига кўра, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида мамлакат фуқаролари йўқ. Вазият Ўзбекистон дипломатлари назорати остида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.