Кейс-стади: оригинал контент қандай қилиб “қароқчилик” маҳсулотига айланади. Учинчи қисм

Ўзбекистонда Интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қийин. UZ домен зонасида суддан олдин қонунбузарликларнинг олдини олиш усуллари чекланган, уларни “ноль” дейиш ҳам мумкин. Муаллифлик асарларидан ноқонуний фойдаланиш ҳақидаги материалларимиз сериясининг учинчи қисмида муаллифларда Интернет тармоғида юзага келадиган асосий қийинчиликларни кўриб чиқамиз.

Биринчи сабаб

Телекоммуникация хизматлари операторларининг (хостинг-провайдерлар, сервис-провайдерлар) фаолиятини тартибга соладиган қонунчилик тармоқ фойдаланувчилари томонидан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар бузилганида уларнинг жавобгарлик чегарасини ўрнатмайди. Умумий қоидага кўра, Ўзбекистонда сервис-провайдер тармоқда муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгар бўлмайди. Аммо дунёда Интернет тармоғининг ишлашини техник томондан қўллаб-қувватловчи провайдерларни жалб қилмасдан туриб, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашиб бўлмайди, деган фикрга аллақачон келинган.

Ўзбекистонда муаллифларга ноқонуний контентни олиб ташлаш талаби билан бевосита сервис-провайдерларга мурожаат қилиш имконини берадиган Notice and takedown процедураси жорий этилмаган.

2020 йилда тасдиқланган Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларининг 319-банди телекоммуникация хизматларининг фойдаланувчиларига тармоқда муаллифлик ҳуқуқларини бузмасликни буюради.  Европа мамлакатларидаги амалиёт шуни кўрсатдики, фойдаланувчилар томонидан ушбу мажбуриятга амал қилиниши қандай таъминланиши очиқ масала бўлиб қолмоқда.

МАЪЛУМОТНОМА

Германияда ноқонуний юклаб олганлик ва “қароқчилик” контентини тарқатганлик учун фойдаланувчи 1000 еврога жаримага тортилиши мумкин. Францияда худди шундай жарима 60 еврони ташкил қилади.

Ўзбекистонда эса муаллиф фақат Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Бироқ ваколатли органларга сўров юбориш учун веб-сайт эгаси ҳақида маълумотларга эга бўлиш зарур.

Иккинчи сабаб

Рақамли муҳит ўз хусусиятларига эга – ҳар қандай контентни чексиз миқдорда юклаш ва худди шундай осон олиб ташлаш мумкин. Шунингдек, ҳар куни ўнлаб “қароқчилик” сайтларини яратиш ва унга ноқонуний олинган контентни юклаш мумкин.

Бугунги кунда UZ домен зонасида домен администратори (веб-сайт эгаси) ҳақидаги ахборот махфий ҳисобланади. “«UZ» доменида домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 43-бандига мувофиқ, домен администратори тўғрисидаги маълумотлар – унинг тўлиқ номи, манзили, телефон рақами ва электрон почтаси махфий маълумотлар ҳисобланади.

Бу, агар муаллифлан ёки унинг вакилидан сўров тушса, хостинг-провайдерларга домен эгаси ҳақидаги ахборотни ошкор этишни рад этиш ҳуқуқини беради. Бунда умумий фойдаланувда бўлган веб-сайт эгаси ҳақидаги ахборотни махфий ахборот сирасига киритиш мақсадга мувофиқ экани аниқ эмас. Қонунда сўз ҳатто ҳуқуқлар бузилиши ҳақида борганида ҳам истиснолар кўзда тутилмаган. Хўш, нега қонунчиликда ҳуқуқлар бузилиши ҳақида сўз борганида истиснолар кўзда тутилмаган?

МАЪЛУМОТНОМА

Россияда маълумотлар суд даъвосини бериш мақсадларида сўралаётган бўлса, провайдерлар домен номининг администратори ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.

Учинчи сабаб

Ўзбекистонда Интернетда муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиш фактини қайд этиш жуда қийин. Ҳуқуқлар, шу жумладан муаллифлар ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги ҳар қандай ариза исботлашни ва фактларни тақдим этишни талаб қилади. Интернет ҳолатида бу веб-сайт саҳифаларидан олинган скриншотлар, излаш серверларидаги излаш натижалари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларнинг скриншотлари бўлиши мумкин. Бироқ скриншотни рангли қилиб босиб чиқариш ёзма ҳужжат ҳисобланмайди ва, агар айниқса ҳуқуқбузар сайт мазмунини ўзгартириши ёки олиб ташлаши мумкин бўлса, далил бўлиб хизмат қила олмайди.

Дунёда энг кенг тарқалган амалиётлардан бири – веб-сайтни нотариал кўздан кечириш ва кўрикдан ўтказиш кунида босиб чиқарилган сайт мазмунини акс эттирувчи скриншотларнинг мувофиқлигини нотариал тасдиқлаш. Бу муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлигини исботлаш билан боғлиқ кўплаб муаммоларни ҳал қилади. Ушбу процедура сайт мазмунини ва ундаги контентни нотариал кўздан кечириш санаси ҳолати бўйича қайд қилади.

Шунингдек, кўпгина мамлакатларда судда далил сифатида WEB ARCHIVE тармоғида веб-сайтларни архивлаштириш бўйича сервис маълумотлари ҳам қабул қилинади.

Бизнинг мамлакатимизда нотариус Интернетдаги веб-сайтлар саҳифаларини нотариал кўздан кечириш бўйича хизматларни амалга оширмайди. Бунинг учун Қозоғистон ёки Россияга боришга тўғри келади.

Тўртинчи сабаб

Интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун компенсациянинг адекват миқдори мавжуд эмас. Веб-сайт эгаси кимлигини аниқлашга муваффақ бўлинган, яқин мамлакатлардан туриб нотариал кўрик йўли билан ҳуқуқбузарлик қайд этилган ва ваколатли органга мурожаат қилинган бўлса ҳам муаллиф ўз ҳуқуқлари бузилгани учун мос молиявий компенсация ололмайди. Гап шундаки, компенсацияни ундириш имконияти бор, лекин унинг миқдори белгиланмаган. Ҳуқуқбузарликни қайд этишга, ҳуқуқшуносларнинг хизматларига сарфланган харажатлар ушбу ҳуқуқбузарлик исботланган ҳолатдагина қопланиши мумкин. Шунингдек муаллиф маънавий зарар қопланишини талаб қилиши мумкин. Бироқ “мумкин” сўзи буни амалда амалга ошириш мумкинлигини билдирмайди.

Судларда муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги ишлар юзасидан компенсация ундириш бўйича амалиёт мавжуд эмас. Муаллифга етказилган зарар қайси мезонлар асосида ҳисобланиши ҳақида тушунча йўқ.

Айтиш жоизки, 2019 йилда муаллиф ёки ҳуқуқ эгаси талаб қилиши мумкин бўлган компенсация миқдорлари белгиланган эди, аммо улар фақат ЭҲМ ва маълумотлар базасига тааллуқли холос.

Нима қолади

Оригинал муаллифлик контентини Интернет тармоғида ва UZ длмен зонасида ноқонуний жойлаштиришдан ҳимоя қилиш қийин ва харажатли иш.

Муаллифда хостинг-провайдерга мурожаат қилиш бўйича муқобил чоралар мавжуд эмас, чунки қонунчиликда сервис-провайдерларнинг жавобгарлиги кўзда тутилмаган ва TAKE DOWN NOTICE процедураси жорий этилмаган.

Ўзбекистонда домен ёки сайт администраторининг шахсини аниқлаш ва у ҳақида маълумотлар топишнинг деярли имкони йўқ, чунки бу маълумотлар махфий ҳисобланади.

Муаллиф судда талаб қилиши мумкин бўлган рақамли муҳитда муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун кафолатланган компенсациялар йўқ.

Хатарларни баҳолашда ва оригинал контентга бўлган муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича стратегияни режалаштиришда ҳар бир муаллиф ва ҳуқуқ эгасига юқорида келтирилган жиҳатларни инобатга олишни тавсия этамиз. Мавзу бўйича бошқа жиҳатлар ҳақида, хусусан муаллифлик ҳуқуқларини рўйхатдан ўтказиш ва тозалаш ҳақида таълим видеолойиҳасида гапириб бергандик.

 

Ҳуқуқшунос Мадина Турсунова

http://www.legalmaxlaw.com/ru/

 

Кейс-стади: оригинал контент қандай қилиб “қароқчилик” маҳсулотига айланади

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.