Кейс-стади: фото- ва видеоконтентни қандай ҳимоя қилиш мумкин

DARYO фотомухбирининг Мадина Нурман воқеаси

Муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига илк бор икки йил олдин дуч келдим. Бир паблик (оммавий саҳифа) менинг муаллифлик фотосуратимни унга ўз логотипини қўйган ҳолда ўғирлади. Уни фотосуратнинг оригиналига алмаштиришни ва муаллифни кўрсатишни талаб қилдим. Ҳуқуқбузар узр сўради ва фотосуратни излаш тизимидан топганини айтди. Ҳа, муаммо ҳал бўлди, аммо охирги пайтларда бундай ҳолатлар тоборо кўпайиб бормоқда.

Муаммо оддий – фотосурат ўғирланади

Муаммо жуда оддий – фотосурат ўғирланади, оригинал логотип (сув қоғоз белгиси) олиб ташланади ва муаллифни кўрсатмасдан ўз ресурсларигша қўйилади. Фотомухбирларнинг адолатли шикоятларига энг кўп тарқалган жавоб – фотосурат излаш тизимларида топилган. Кейин ҳуқуқбузардан фотосурат Яндекса ёки Google’дан олинганини тасдиқлайдиган скриншотни тақдим этишни сўрайсиз. Албатта, уни ҳеч ким юбормайди, эсдан чиқди дейишади ёки умуман йўқолиб қолишади ва чатни блокировка қилишади.  
 
Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқларини тартибга солувчи қонун бор, аммо маданият йўқ. Мен жарималар ва судларни кўрмаяпман. Ишларнинг ўғирланишига йўл қўймаслик учун фотомухбирлар кадрни техник жиҳатдан камайтиришига, яъни фотосуратларни “сиқиши”га тўғри келмоқда. Шунингдек, улар ўз логотипларини, сув қоғоз белгиларини қўйишяпти, аммо бу етарли эмас. 

Сайтларнинг бош муҳаррирлари билан мунтазам равишда тренинглар ва семинарлар ўтказиш, мақолалар тайёрлаш ва мавзуга эътиборни жалб этиш зарур деб ҳисоблайман. Фойдаланувчи ижтимоий тармоқлардаги ўз шахсий саҳифаларида фотосуратларни чоп этиши – бу бир масала, профессионал журналистлар ҳамкасбларининг ишларини ўғирлаши эса – мутлақо бошқа масала. Журналистлар бунинг учун жавобгар бўлиши керак.

Видеомонтажчи Олим Хамзаев воқеаси  

Менинг Tik-Tok аккаунтимдаги видеони “Эхо Узбекистана” (“Ўзбекистон садоси”) Telegram-каналига жойлаштиришганида муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига илк бор тўқнаш келгандим. Аввал бошидан ролик вертикал форматда эди, каналда уни квадрат шаклда кесилган ҳолда жойлаштиришган, никнейм ҳам ўзгартирилган эди. 

Бир нарсани ҳис қилдим – тушунмаслик. Шахсий пиар учун бировнинг меҳнатидан қандай фойдаланиш мумкин?

Кўрсатилган никнейм бўйича гўёки видео муаллифини топдим. Суҳбатимиз узоқ давом этмади, у узр сўради. «Эхо Узбекистана» каналидан ролик олиб ташланди, уни муаллифни кўрсатган ҳолда такрор қўйишни рад этишди».

Кейинги воқеа «Дайджест-Новости Узбекистана» Telegram-канали билан боғлиқ. “Ресурс администраторлари меникининг устидан ўзларининг белгисини қўйган. Пост остида танишларим муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақида шарҳлар ёзишган экан, уларни олиб ташлашибди”.

Яна бир воқеа ҳам Instagram’даги «gorod24_tashkent» аккаунти томонидан қўйилган худди шу ролик билан боғлиқ. Уларга видеони қандайдир бир қиз юборган экан. Мен унинг профилига кириб, TikTok’га жойлаштирган яна бир ролигимни кўрдим. Шунингдек у бу роликларни ўзининг Telegram-каналига ҳам жойлаштирган экан. «Gorod24_tashkent» администратори билан боғландим. Улар роликларни дарров олиб ташлашди ва кейин муаллифини тўғри кўрсатган ҳолда такрор жойлаштиришди.

Бу қонунийми?

Муаллифлар томонидан ижтимоий тармоқларда фото- ва видеоконтентнинг чоп этилиши кўп ҳолларда  улардан ноқонуний нусха кўрилишига олиб келади. Техник имкониятлар контентдан сифатига зарар етказмасдан нусха кўчириш ва муаллифнинг таниб олиш белгиларини ўчириш имконини беради.
 
Ижтимоий тармоқлардаги ҳамжамиятлар ва ҳатто интернет-ОАВ муаллифларнинг рухсатисиз ва манбани кўрсатмасдан фото- ва видеоконтентдан фойдаланади. Муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик нуқтаи назаридан бу ҳуқуқбузарлик ва контентдан ноқонуний фойдаланишга мисол ҳисобланади.

Муаллиф асарни исталган усулда чоп этиш ҳуқуқига эга. Бироқ контент тармоқда кўриш учун очиқ жойлаштирилганлиги факти ундан нусха олиш ҳуқуқини бермайди. Бунда контентдан тижорат ёки нотижорат мақсадларида фойдаланилиши аҳамиятга эга эмас.

Фотосуратлар ва видеодан фойдаланиш, улардан нусха кўчириш, жойлаштириш ишлари, мақсадларидан қатъи назар, фақат муаллифнинг ёзма равишда берган рухсати билангина ва муаллифлик мукофоти тўланиши шарти билан амалга оширилиши мумкин.

Асарни муҳофаза қилиш эҳтиёжи контент муаллифнинг ижодий меҳнати билан яратилган пайтдан бошлаб юзага келади. Рўйхатдан ўтиш талабининг йўқлиги, муаллифликни, у бузилган тақдирда, исботлаш зарурлигини келтириб чиқарадиган вазиятни яратади. Муаллифлик презумпцияси асар муаллифи сифатида кўрсатилган шахс, агар бошқаси исботланмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланишини белгилайди. Бироқ ушбу чоралар махсус ҳуқуқлар бузилмаслигини ёки уларга нисбатан судда шикоят келтирилмаслигини кафолатламайди.

Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш воситалари амалда қийин амалга ошади

Муаммо шундаки, Ўзбекистонда интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқлари бузилишлари ҳақида шикоятлар бериш тизими – take down notice тизими мавжуд эмас.

Муаллиф ҳолат бўйича фақат судга мурожаат қилиши мумкин. Бироқ Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқининг суд ҳимояси мураккаб ва харажатли жараён. Судлар ва судьялар томонидан муаллифлик ҳуқуқлари институтини мутлақо тушунмаслиги ёки паст тушуниш даражаси бундай низолар деярли кўриб чиқилмаслигига олиб келмоқда.

Фото контентдан ноқонуний нусха кўчириш муаллифнинг иқтисодий ва маънавий (номулкий) ҳуқуқлари бузилишига олиб келаётир.

Масаланинг бошқа қийин томони шундаки, баъзида ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаб бўлмайди. Вебсайтлар домен номларининг эгалари ҳақидаги маълумотлар махфий ҳисобланади,  Telegram-каналлар эгаларининг номини эса аниқлаш имкони йўқ.

Хўш, чоп этилган фотосуратни қандай ҳимоя қилиш мумкин?

Муаллифлар кўп ҳолларда қўл силтаб, контент ўғирлигига қарши курашишдан тўхтайди, чунки ҳақ эканликларини исботлашга вақт сарфлашни исташмайди. Шунингдек кўпчилик аниқ ҳаракатлар режасини билмайди.

Ҳимоя воситаларини юридик ва техник воситаларга ажратиш мумкин

Юридик чоралар гуруҳлар ва сайтларда кўрсатилган контактлар бўйича ҳуқуқбузарга даъволар юборишни ўз ичига олиши мумкин. Агар ҳуқуқбузар даъвога жавоб бермаса ва ноқонуний контентни олиб ташламаса, ариза билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ёки судга мурожаат қилиш лозим. Муаллифлар моддий ва маънавий зарарни суд тартибида ундириш ҳуқуқига эга Аммо кўп ҳолларда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тегишли эътиборсиз қолади ва ҳуқуқбузарлар учун ҳеч қандай оқибатларни олиб келмайди. Ҳатто муваффақиятга эришиш имконияти юқори бўлганида ҳам талаб қилинадиган молиявий ва вақт харажатлари контент муаллифларини юридик чоралар кўришдан тўхтатиб қолади.

Фото- ва видеоконтентга муаллифликни ҳимоя қилиш мақсадларида:

– ҳар доим очиқ чоп этиладиган фото ва видео материалларнинг бошланғич файлларини сақлаб қўйинг;
– фото- ва видеоконтентни ўз муаллифлигингизни кўрсатган ҳолда чоп этинг, бу сизга автомат тарзда муҳофазани ва муаллифлик презумпциясини тақдим этади;
– фото ва видеоконтентни кчинчи шахсларга фойдаланиш учун берганда ҳар доим ёзма келишув тузинг ва фойдаланиш ҳажми ва чегараларини ўрнатинг;
– фото ва видеоконтентга бўлган муаллифлик ҳуқуқларини депозитга қўйинг ёки рўйхатдан ўтказинг – бу муаллифликнинг қўшимча далили бўлиб хизмат қилади;
– муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кўрсатувчи © белгисидан ва муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги хабардан фойдаланинг – бу шахсларни контентдан муаллиф розилигисиз фойдаланилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида хабардор қилади.

Фотоконтентни ҳимоя қилувчи техник воситалар:

– сув қоғоз белгилари, уларни бутун фотосурат бўйлаб қўйган маъқул. Бу ҳолда фотосуратни тасвирга зарар етказмасдан таҳрир қилиш қийин бўлади;
– рақамли белгилар – рақамли фотоаппарат метамаълумотлари, уларда рақамли файлнинг оригинал характеристикалари, санаси, вақти, локацияси ва бошқа маълумотлар бўлади;
– яширин суратлар – бу фотосуратга график редакторлар, масалан, Adobe Photoshop ёрдамида қўйиладиган шаффоф қатлам;
– контекст менюга тақиқ – бу сайт саҳифасига жойлаштирилган тасвирни юклаб олиш ёки сақлаш имконини бермайдиган чора.

Google+ сервиси  тасвирни ўз аккаунтига бирламчи манба сифатида боғлаш имконини беради. Манба url’ини қўшиш ҳам контентдан нусха кўчирилганида оригинал манбага автомат тарзда ҳавола қўшади.

Интернет-ОАВ ва Telegram-каналлар администраторлари бегона интеллектуал мулкка бўлган муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик учун фото- ва видеоконтентни чоп этишдан олдин ахборотни текшириши ва контентнинг бошланғич нусхаларини сўраши зарур. Шунингдек вақтини, қувватини ва ижодий ресурсларини сарфлаган оригинал муаллифни ҳар доим кўрсатиши керак.

Охир-оқибатда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш контент яратувчиларининг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб қолмоқда. Муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши муаммосини кўпроқ ёритиш лозим, шунда жамиятда аста-секин бегонанинг ижодий меҳнатини ҳурмат қилиш маданияти шаклланади.

Интеллектуал мулк бўйича ҳуқуқшунос, патентга эга ишончли вакил Мадина Турсунова 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.