Ўқишга кириш тест имтиҳонларининг натижалари ёки Жавобни кутинг

Ўқишга кириш тест имтиҳонларининг натижалари ёки Жавобни кутинг

Шу йил 1 август куни Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кириш тест имтиҳонлари бўлиб ўтди.   

Икки ҳафта давомида ярим миллиондан кўп абитуриент тест натижаларини сабрсизлик билан кутди. Тест жавоблари 14-16 август кунлари эълон қилиниши ваъда берилганди.

Абитуриентларнинг кўпчилиги анча узоқда истиқомат қилиши, нуфузли муассаса ҳисобланган давлат тест маркази кўпчилик ўйлаганидай техник жиҳатдан “илғор” бўлгани боис, ҳужжатларни топшириш билан боғлиқ саргардонликлар ҳамда тест синовлари ўтказилган кунги ташвишлар ва безовталиклардан сўнг, ҳеч бўлмаганда, натижаларни олишда қулайликлар яратилади, деб тахмин қилиш мумкин эди.     

Тест натижаларини Давлат тест марказининг расмий сайтида чоп этиш ҳам обрўли, ҳам юридик нуқтаи назардан тўғри бўларди, шундай эмасми?
Бироқ, бу йил Давлат тест марказининг www.dtm.uz расмий сайтида тест натижаларини билишнинг иложи йўқ, чунки марказ уяли алоқа компаниялари ва CLICK тизимига пул ишлаб олиш имкониятини тақдим этган кўринади.

Шундай қилиб, бу йилги натижаларни икки усулда билиб олиш мумкин:

Биринчиси – жавоблар ёзилган варақа рақамини 5100 рақамига SMS-хабар қилиб жўнатиш. 1 та СМС қиймати – 0.75$. Қулай, тўғрими? Жуда тез, мобил, ҳеч қаерга бориш ҳам шартмас. Аммо бу хизмат фақат “Ucell” мобил алоқа компаниясининг фойдаланувчилари учун очиқ холос.

Иккинчи усул – CLICK мобил банкинг тизимидан фойдаланиш, хизмат нархи – 1500 сўм.

Давлат тест марказининг сайтида тест натижалари ҳақидаги расмий маълумотлар йўқлиги кишини ҳайрон қолдиради, ҳолбуки замонавий технологиялар буни жуда тез ва ишончли тарзда амалга ошириш имконини беради. Мухбиримиз марказ ходимларига шу саволни берганида, ҳаммаси умумий “билмайман” деган сўз билан гапга нуқта ясаб қўя қолди. Ушбу масала бўйича масъулларнинг телефонлари эса ўчирилган.

Шундай қилиб, бугун 15 август куни – тест натижалари ҳали эълон қилинмаган. Давлат тест марказининг сайтида жимжитлик, хизмат телефонлари эса ўчирилган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.