Миш-миш даҳшатли қотилликка сабабчи бўлди

Миш-миш даҳшатли қотилликка сабабчи бўлди

Эрталаб эринибгина уйи­дан чиққан Эргаш ерларини бир айланиб келиш мақсадида далага йўл олди. У турли хаёлларга берилганча юриб борар экан, узала тушиб ётган одамнинг мурдаси устидан чиқиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди. Бир сесканиб тушди-да, бу манзарадан турган жойида қотди-қолди. Беш дақиқача ўзига кела олмади. Сўнгра жасадга яхшилаб назар солди. Эгнида бирорта ҳам кийими йўқлиги учун мурда эркак киши эканлиги дарҳол кўзга ташланди. Унинг боши кесиб олинган, ташлаб кетилганига узоқ вақт бўлмаган шекилли, тана ҳали бузилмаган эди.

У дарҳол чўнтагидан қўл телефонини чиқариб, ҳудуддаги ички ишлар идорасига хабар қилди. Орадан кўп вақт ўтмай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари етиб келишди. Атроф яхшилаб кўздан кечирилди, бироқ жасаднинг боши ҳеч қаердан топилмади. Кузатувлардан жиноят бу ерда содир этилмаганлиги аён бўлди. Чунки енгил машинанинг изларидан бошқа бирорта далил йўқ эди. Демак, қотиллик бошқа жойда содир этилиб, мурда бу ерга олиб келиб ташланган.

Калаванинг учи топилди
Жиноятни фош этиш учун тергов-суриштирув жараёнлари кетаётган бир вақтда, фуқаро Шоҳида Олимова (жабр­ланувчиларнинг исм-фамилияси ўзгартирилган) турмуш ўртоғи уч кун олдин уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаганлиги хусусида ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилиб қолади. Шундан сўнг Ш.Олимовага жасадни кўрсатишади. Аёл турмуш ўртоғини мурданинг ўзига таниш бўлган белгиларидан дарров танийди. Шу тариқа марҳум Ш.Олимованинг турмуш ўртоғи Ботир Эшонов эканлиги маълум бўлади. Энди унинг боши ва автомашинаси қаерда эканлиги, қотиллар кимлигини аниқлаш масаласи кўндаланг турарди.

Гувоҳларнинг айтишича, марҳум Б.Эшо­нов 2013 йилнинг 8 декабрь куни соат 18:00ларда ишхонасидан фуқаро Босим Мусабеков билан учрашиш учун чиқиб кетади ва қайтиб келмайди. Б.Мусабеков билан қотиллик бўйича савол-жавоб қилинганда эса у ўзини ноодатий тутиши билан тезкор-тергов гуруҳи ходимларида шубҳа уйғотади. Хуллас, тергов-суриштирув жараёнининг мукаммал олиб борилганлиги ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидан сўнг Б.Мусабеков баҳона топа олмай, ушбу мудҳиш жиноятни ўгай укаси Шокир Саттаров билан содир этганлигини тан олади.

Миш-мишдан туғилган қасос
Ўтган йилнинг июль ойида Б.Мусабеков ўғлини Чирчиқ олимпия захиралари коллежига ўқишга киритиш учун унинг мураббийи Эркин Аҳмедов билан учрашади. Б.Мусабеков 2 минг АҚШ доллари эвазига ўғлини коллежга киритиб қўйишни сўрайди. Аммо Э.Аҳмедов унинг таклифига рози бўлмайди. Боиси, Б.Мусабековнинг ўғли жисмоний томондан бўш эканлиги, ўқишга кирган тақдирда ҳам Олимпия захиралари коллежида таҳсил олишда қийналишини айтиб, шунинг учун уни бошқа йўналиш бўйича ўқитишни маслаҳат беради. Унинг бу гаплари Б.Мусабековга ёқмайди. Шундай бўлса-да, кейинчалик мураббийни бу масалада бир неча бор безовта қилади.

Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг Б.Мусабековга кимдир “ўғлинг­ни ўқишга киритишдан бош тортгани учун мураббийга Б.Эшонов 500 АҚШ доллари пора берганмиш”, деган гапни етказади. Бу миш-мишдан Б.Мусабековнинг фиғони фалакка чиқади. Шундан сўнг унинг миясида Б.Эшоновдан қасд олиш фикри туғилади.

Қотиллик содир этилган кун
Қасд олиш нияти Б.Мусабековга тинчлик бермай қўйди. Орадан ойлар ўтса-да, у фикридан қайтмади. Шу ниятда 2013 йилнинг 6 декабрь куни ўгай укаси Шокир Саттаров билан учрашди. Унга “Б.Эшонов мени ўлдиришни режалаштириб юрган экан, агар мен уни олдин тинчитмасам, у мени ўлдириши мумкин”, деб укасига ёлғон гапирди. Аканинг таклифига Ш.Саттаров рози бўлди ва икковлон муд­ҳиш жиноятнинг режасини тузишди.

Режага кўра, Б.Мусабеков Б.Эшонов раҳбарлик қилаётган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига бориб, у ерда ишлайдиган ишчилардан бирига “бошлиғинг ўғлимни ўқишга киритмаслик учун 500 доллар пора берипти”, дея гап тарқатди. Табиийки, бу хабар тезда Б.Эшоновга етиб борди. Бу гапни эшитган Б.Эшонов ўзига аввалдан таниш бўлган Б.Мусабековга қўнғироқ қилиб, бу гап ёлғонлигини, буни ким айтганини сўраган эди, бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида “қасоскор” у билан 2013 йилнинг 8 декабрь кунига учрашув белгилади.

Қотиллар жабрдийдани овлоқ жойга олиб бориб ўлдириш мақсадида пичоқ билан қуролланиб олишди.

Шу куни келишувга кўра, Б.Эшонов ўзининг автомашинасида Мирзачўл тумани марказидаги автобекатга бориб, Б.Мусабеков билан учрашди. Иккаласи ўртадаги муаммони ҳал қилиб олиш учун бирон жойда овқатланиш баҳонасида йўлга тушдилар. Режага кўра, йўлда уларга Ш.Саттаров рўпара келиши керак эди. Шундай ҳам бўлди. Гўёки, рўпараларидан чиқиб қолган Ш.Саттаровни ҳам Б.Мусабековнинг таклифи билан машинага чиқариб олишди. Энди режага кўра қотилликни амалга ошириш учун қулай жой топиш керак эди. Шунинг учун ҳам Б.Мусабеков йўл-йўлакай бир танишининг уйидан пул олиб кетиши кераклиги ва шунга ўхшаш турли ёлғон гаплар тўқиб, машинани Мирзачўл туманининг “Ипак йўли” ҚФЙ ҳудудидаги дала томон ҳайдашни сўради. Автомашина кимсасиз, овлоқ ерга боргандан  сўнг, икковлон машинани тўхтатишни буюришди. Кейин эса Б.Мусабеков Б.Эшоновдан ўғлини ўқишга киришига нима учун тўсқинлик қилганини сўради. Б.Эшонов бу гап ёлғонлигини, бу ишга умуман алоқаси йўқлигини айтса ҳам, унга ташланиб, аввал дўппослашди, сўнгра Ш.Саттаров ўзи билан олиб келган пичоқни ҳайдовчининг бўйин қисмига бир неча бор санчиб олди. Бу зарбалар натижасида жабрланувчи ҳаётдан кўз юмди.

Жирканч режалари ниҳоясига етгач, қотиллар жиноятни яшириш мақсадида жасадни машинага ортиб, Ховос тумани ҳудудига олиб боришди. У ерда мурданинг устидаги кийимларини ечиб ташлашди, қўл телефони ва 600 минг сўм пулини қўлга киритишди. Ш.Саттаров жасаднинг бошини кесиб олди ва кийимларига ўраб, машинанинг юкхонасига жойлади. Танани эса дала четига ташлаб кетишди. Уларнинг мақсади энди машина билан мар­ҳумнинг бошини бир ёқлик қилиш эди. Шу сабабли Гулистон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналига боришди ва аввал кесилган бош билан кийимларни, кейин марҳумга тегишли бўлган “Нексия” автомашинасини сувга чўктириб юборишди.

Жиноят жазосиз қолмайди
Юқорида таъкидлаганимиздек, бу кимсаларнинг қилмишлари келтирилган далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тергов давомида ўз исботини топди. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг ҳукмига кўра, Б.Мусабеков ва Ш.Саттаровлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айб­дор, деб топилдилар ва уларга йигирма тўрт йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги “Huquq” нашри материали бўйича.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.