Мана бир ойдирки самарқандлик Дилором Розиқова ёниб турган сочиқни Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонга отгани учун ҳибсда сақланмоқда. Мажбурий ижро бюросининг ходимлари уни ва сингилларини ўз уйларидан мажбуран кўчириб чиқаришган. Энди у беш йилгача қамалиши мумкин. Anhor.uz  таҳририяти ўша кунги воқеаларни тиклашга ва уни бундай қилишга нима мажбур этганини аниқлашга уриниб кўрди.



21 январь куни Розиқовлар оиласининг ҳаёти ўзгариб кетди. Бир кун олдин Дилором “Телеграм” орқали ҳужжатлар нусхаларини олади, уларда эртага уларни янги манзил бўйича мажбурий кўчиришлари ҳақида сўз борарди. Эртаси куни Дилором Мажбурий ижро бюроси ва судга ёзма ариза билан мурожаат қилади. У қўшимча вақтдан ва “ихтиёрий ижрога бериладиган вақт”дан фойдаланиш имконияти ҳақида сўрайди. Бироқ унинг илтимосига ҳеч ким қулоқ солмайди. Дилором нима қилишини, ҳақиқат ва адолатни қаердан излашни билмайди, чунки у барча давлат идораларига мурожаат қилиб бўлганди.
 
«Мен улар баҳорда бошлайди деб ўйлагандим...Ҳозир эмас-да... Қиш бўлса. Совуқ. Қор. Тўртта бола» - дейди у таниш аёлга. Аммо совуқ, болалар уларни тўхтатмади. Уйига келган Дилором квартирага бузиб киришганини, подъезд ва бўсағада эса милиция ва Мажбурий ижро бюросининг 20 дан ортиқ ходими турганини кўради. Кейин нима бўлганини бутун мамлакат билади. Манбанинг қайд этишича, Дилором “СИЗО”да ўтирган бир ой ичида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, қурувчи ташкилот уйни ғиштма-ғишт бузишда давом этмоқда.

 

Қайд этиб ўтамиз, Дилором Розиқовани ҳибсга олиш қонунчиликда тақдим этилган энг қаттиқ жазо ҳисобланади. Розиқованинг адвокати ва Аёллар қўмитаси Дилором ҳибсга олинганидан кейин деярли дарҳол олдини олиш чорасини суд муҳокамасигача мулкий гаровга алмаштириш ҳақида илтимоснома билан чиқишди. Дилором ҳамон “СИЗО”да эканига қараганда, илтимоснома рад этилган.

Ҳаммаси нимадан бошланганди
 
Ҳаммаси 2017 йилда Самарқанддаги Навоий шоҳ кўчаси бўйлаб жойлашган тўртта икки қаватли уй (43, 45, 47, 49) аҳолиси шаҳар ҳокимининг қарорига кўра бузилиши ҳақида билганидан кейин бошланди. Бузилган уйларнинг ўрнида устав жамғармаси етти миллион сўм (тахминан 750 доллар) бўлган, ҳаво транспорти соҳасида хизматлар тақдим этувчи корхона сифатида рўйхатдан ўтган Silk voyage МЧЖ етти қаватли уй қуришни режалаштирган экан. Қизиғи шундаки, қурувчи ташкилот эгаси бузилаётган уйлардан бирида истиқомат қиларкан. Ўз исмини айтишни истамаган манбанинг сўзларига кўра, “қурувчи” Дилором ва шу уйларда истиқомат қилувчи бошқа кишиларни 43 ва 49 уйлар бузилмаслигига ишонтирган, аммо кейин ўз қарорини ўзгартирган (бугунги кунда “қурувчи” Розиқова истиқомат қилган 49-уйни демонтаж қилиб бўлган, компания эгаси яшаётган 43-уйга эса тегилмаган).
 
Дилором ва у билан бир зинапоя майдонида истиқомат қилувчи синглиси кўчишга қарши эди. Уларнинг уйлари таъмирланган, икки қадам нарида мактаб ва ота-онасининг уйи жойлашган, шу боис “қурувчи” билан музокаралар олиб боришни қатъий рад этишади. Компания бунга кўнмайди ва опа-сингил Розиқоваларни мажбурий кўчиришни талаб қилган ҳолда уларни судга беради. Бироқ Самарқанд вилоят прокуратураси ҳокимнинг қарорига шикоят келтиради ва “Хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қатор моддалари бузилганига ишора қилади.
 
Аммо 2018 йилда прокурор шикоятига қарамасдан шаҳар ҳокими вазифасини вақтинчалик бажарувчи Талант Эсиргапов (кейинчалик 2019 йил ёзида унга қарши “Лавозимидан фойдаланиб ҳужжатларни қалбакилаштириш” 209-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилади) яна тўртта уйни бузиш ҳақида қарор чиқарди (кучини тиклади). Бу ноқонуний қарор эди, чунки қурувчи ташкилот қонунда талаб қилинганидай уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг тўлиқ розилигини ололмаганди (аввал бошидан 12 та квартирадан 10 таси кўчишга қарши эди). Бунда қонунчилик базаси сифатида ҳокимлик ўз кучини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга таянади. Шунга қарамасдан, биринчи ва иккинчи инстанция судлари мулкдорларнинг ҳимоясига туради.
 
Бироқ кейинчалик қурувчи ташкилот, ҳокимлик кўмагига ишониб (шаҳар маъмурияти асосий даъвогар сифатида чиқади), олдин фирма мағлубиятга учраган ўша судларга яна даъво билан чиқади. Бу сафар судда қурувчи ташкилот ҳокимлик билан биргаликда ғолиб чиқади. Қизиғи шундаки, ишни кўриб чиққан судьялар орасида биринчи марта қарорни Розиқовлар оиласининг фойдасига чиқарган судьялар ҳам бор эди. Қонун бўйича улар битта ишда такрор қатнашиши мумкин эмаслиги ҳам  бу судьяларни хижолатга қўймайди.

Айтиш жоизки, ишда суд қарори 43, 49 уйларни бузиш қисмида мавжуд бўлиб, у ушбу уй аҳолиcининг кўпчилигисиз қабул қилинган. Шунингдек фуқаролик суди ушбу ишни асоссиз тарзда кўриб чиқишга ҳаққи бўлмаганини, чунки у маъмурий судга бўйсунишини таъкидлаб ўтмоқчимиз.
 
Бунда ҳокимлик ва қурувчи ташкилот ўз даъво аризаларида бузиш ишларини “жамоатчилик эҳтиёжи” деб тушунтиради. Ўз навбатида, судьялар, жамоатчилик ва давлат эҳтиёжларига нималар кириши ҳақида батафсил рўйхат мавжуд бўлишига қарамасдан, уларнинг фикрига қўшилади. Шу ўринда уйнинг эскириш даражаси бор-йўғи 15 фоизни ташкил қилишини ва у “кам эскирган” уйлар тоифасига киришини қайд этиб ўтамиз. Аксинча, манбанинг сўзларига кўра, қурувчи ташкилот мулкдорларни ундан ҳам эскироқ уйга кўчирмоқда, бу эса истиқболда эҳтимолий янги бузиш ишлари дегани.
 
Бугунги кунда қурувчи ташкилот бир нечта истиқомат қилувчига янги квартира сотиб олиб берган, ваъда қилинган пул суммасини тўлаган, аммо мулкдорларнинг катта қисми ҳамон ижара квартираларда яшамоқда. Улар компания билан улушли иштирок ҳақидаги шартномани имзолаган ва бир неча йилдан бери қурувчи ташкилот қачон янги уй қурилишини бошлайди, деб кутмоқда. Anhor.uz манбасининг маълумотларига кўра, Дилором ва бошқа истиқомат қилувчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга беҳуда уринаётганини кўриб, одамлар рози бўла бошлаган.
 
Розиқовага руҳий босим ўтказишган
 
Ноқонуний бузилиш ва ўз уй-жойидан кўчирилиш билан тўқнашган кишилар кўп ҳолларда бир неча бор ишда ютқазганидан кейин ҳафсаласи пир бўлади ва қурилиш компаниясининг шартларига рози бўлади, чунки ўз ҳуқуқларини бошқа ҳимоя қила олишларига ишонмайди. Бу борада Дилором ўзига тегишли нарсани осонгина бериб қўймайдиган кучли аёл эди, дейди манба. Дилором охиригача уни кўчирмасликларига ва қонун уни ҳимоя қилишига ишончни йўқотмади. У мулк ҳуқуқининг бузилишига эътибор қаратишларига уринган ҳолда мутлақо ҳамма давлат идораларида бўлди, аммо ҳеч қаерда уни қўллаб-қувватлашмади. Энди бир фарзандни ёлғиз ўзи тарбиялаётган Дилором беш йилга қамалиши мумкин.  
 
Anhor.uz унинг танишлари билан суҳбатдан айни пайтда Дилоромнинг ўғли қариндошлариникида эканини аниқлади. У онасининг йўқлигини ва ўз уйидан мажбуран кўчиришганини бошидан оғир кечирмоқда. У шаҳар маъмурияти томонидан тарқатилган уйининг бузилиши ҳақидаги онаси иштирок этган роликни кўрганидан кейин икки ҳафта мактабга бормаган.  

Қўни-қўшнилар Дилором ҳақида ор-номусли ва виждонли инсон сифатида фикр билдиришди. Тўғри, охирги пайтда айрим кишилар унинг обрўсига путур етказишга ва унга руҳий босим ўтказишга уринди. Хусусан, уй деворларига у ҳақда бўлмағур сўзларни ёзишган, эшигининг тагига қўй бошини, чиқинди солинган қопларни ташлашган. Айтгандай, кўчишга қарши истиқомат қилувчилар орасида охирги ойларда мамлакат ташқарисида даволанаётган хизмат кўрсатган устоз ҳам бор. Унга шартнома тузмасдан, компенсация тўлашни оғзаки ваъда қилишган холос.
 
Бунинг устига Дилоромда унниг манфаатларини тақдим этишга ва квартира борасида музокаралар олиб боришга ишончнома бор эди. Демак, у ўз оиласининг уйини ва ушбу кекса одамнинг мулкини ҳам ҳимоя қилган. Қурувчи ташкилот хизмат кўрсатган устоз билан қачон ҳисоб-китоб қилиши ва уни уй демонтажи учун қандай жазо кутаётгани – номаълум, худди шунингдек  Дилоромга нима бўлиши, у ўз мулкини ҳимоя қилишга урингани учун суд қандай ҳукм чиқариши ва суд Розиқовлар оиласи билан мулкий низони қандай ҳал қилиши ҳам тушунарсиз.
 
Элина Рустамова