Таҳририятга мурожаат: бизни тинглашлари ва тушунишларини хоҳлаймиз

Источник: архив жителей махалли "Лолазор"

Тошкент шаҳридаги “Лолазор” маҳалласида истиқомат қилувчи  фуқаролар яна бир бор таҳририятга мурожаат қилди, улар Era Stroy Group МЧЖнинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарши даъво аризаси бўйича уларни учинчи шахс сифатида жалб этишни сўрамоқда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими мазкур маҳалла ҳудудидан ушбу қурувчи ташкилотга ер участкаси берилишини бекор қилган эди. Қуйида мурожаат матнини келтирамиз.

Ҳурматли Anhor.uz таҳририяти!

Биз Лолазор (Полкушка) маҳалласи аҳолиси 2018 йил февраль ойидан бери низоли бўлиб келаётган масалага жамоатчилик ва тегишли давлат тузилмалари эътибор қаратишини сўраймиз. Авваламбор, Тошкент шаҳар ҳокими жаноб Ортиқхўжаевга ўзининг 16.11.21 йилдаги қарори билан ((№469-14-0-Q/21) ҳудудимиздан қурувчи ташкилотга ер берилишини бекор қилиб, бизнинг яшил ҳудудимизни, болалар ва спорт майдончаларини қутқариб қолгани учун самимий  миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шаҳримиз ҳокимининг мазкур қарорини қонуний ва адолатли деб ҳисоблаймиз, уни бекор қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлаймиз.

Айни пайтда (Чилонзор туманлараро суди) қурувчи ташкилот – Era Stroy Group МЧЖнинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарши даъвоси бўйича суд бўлмоқда, унга бизни, яъни яқин атрофдаги уйларда яшовчиларни учинчи шахс сифатида жалб қилишмаган, ҳолбуки бу ер ҳар доим умумий ҳудудимиз бўлган, шу боис биз суд томонидан адолатли қарор чиқарилишидан жуда манфаатдормиз.

30-60-йилларда қурилган уйларимиз ҳарбий шаҳарчанинг тугал меъморий ансамбли бўлиб, бу ерда ҳамма нарса ҳисобга олинган ва барча шаҳарсозлик стандартларини инобатга олган ҳолда ўйлаб барпо этилган, шу боис тор жойда меҳмонхонага эга кўп қаватли бино бутун мавжуд инфратузилмани йўққа чиқаради. Бундан ташқари, 2018 йилда қурилиш учун берилган ҳудудда 350-400 кишига мўлжалланган катта бомбадан сақловчи ертўла мавжуд бўлиб, унинг  йўқ қилиниши яқин-атрофда жойлашган уйларга зарар етказиши муқаррар. Бу уйларда эса бизнинг хонадонларимиз жойлашган, хонадон – ҳар қандай инсоннинг асосий мулки, уларда фарзандларимиз улғаяди, уйимизда биз ухлашдан олдин ва эрталаб жонажон Ўзбекистонимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун Оллоҳга дуо қиламиз, биз бу ерда яшаймиз, ишдан кейин шу ерга – уйга қайтамиз.

Шу боис маҳалла йилида биз барча инстанциялар, давлат идоралари ва жамоатчиликка мурожаат қилиб, бизни ушбу суд жараёнига расман жалб этишларини, демакки, бизни тинглаб, тўғри тушунишларини сўраб мурожаат қиламиз.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 16.11.2021 йилдаги № 469-14-0-Q-21-сонли қарори тўғри эканига далиллар:

  1. Ушбу қарор шаҳарнинг аввалги ҳокимининг хатосини тузатади, чунки берилган кўчмас мулк объектларига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас, бунинг устига янги қурилиш шаҳарсозлик ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини бузади.
  1. Аҳоли ўз ҳудудида кўп қаватли уй қурилишига бир овоздан қарши, чунки бунда улар болалар ва спорт майдончаларидан, ҳудуднинг ўпкаси бўлган кўп йиллик дарахтлардан, аҳоли автомобиллари тўхтаб турадиган жойлардан маҳрум бўлади.
  1. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2021 йил 16 ноябрдаги мутлақо тўғри ва қонуний қарори оддий одамларда адолат ва қонун устуворлигига ишонч уйғотади.

Era Stroy Group МЧЖ ҚКнинг позициясига қарши далиллар:

  1. Дастлаб ажратилган 440 кв.м. майдон ҳудуд аҳолисидан олинган 3000 кв.м.майдонга айланди. Болалар қаерда ўйнаши, одамлар қаерда сайр қилиши, машиналар қаерда парковка қилиниши мумкин?
  1. Қурилиб битган ва шаклланиб бўлган микротуманларда янги қурилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланган.
  1. Қурилиш жараёнида дарахтларимиз шубҳасиз нобуд бўлади, бу ҳудуд экологиясини бузади, ёзда доим салқин ҳудудда ҳавонинг ҳарорати кўтарилади.
  1. Уйларимизда ҳаво ва қуёш нурлари бўлмайди; қурилиш ва бўлғуси бино уйларимиз аҳолиси учун қуёш нурини ёпади, атрофда эса мустаҳкам бетон ва асфальт бўлади.
  1. 3-5 қаватли уйларимиз ва замонавий кўп қаватли уй ўртасида меъморий тафовут юзага келади.
  1. Тахминий қурилиш майдончасидан бизнинг деразалар ва подъездларгача бир неча метр холос.
  1. Бизнинг эски коммуникацияларимиз чегаравий юклама билан ишлайди.
  1. Шу ерда улғайган ёки бетон қутидаги деразалар эмас, балки боғ кўриниб турадиган хонадонларни харид қилган аҳолининг қулайлиги бузилади.
  1. Кўп қаватли уй (яна меҳмонхонаси билан) бизнинг кичик ҳудудимиздаги машиналар сонини ва шунга мос равишда тўхташ жойларини кўпайтиради, бу бизнинг ҳаётимизни чидаб бўлмас ҳолатга келтиради.
  1. Ҳудудда жойлашган ертўланинг бузилиши эса яқин-атрофдаги уйларимизга зарар етказиши аниқ.
  1. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ҳатто Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг балансида ҳам бўлмаган ертўла ўз мақсади бўйича фойдаланишга шай ҳолатда бўлиши керак.
  1. Ҳовлимиздаги ноқонуний қурилишлар билан боғлиқ бу ҳолат медиа майдонида муҳокама мавзусига айланди, у жамиятда салбий фикрларни келтириб чиқармоқда.

Биз келтирган далиллар оддий ва бошимиздан ўтган, ҳатто ҳудудимизни қурилишдан тўсиб турадиган темир девор ҳам бизга кўп сонли ноқулайликларни келтирмоқда. Катта автомашиналар паркига эга бўлган шиша-бетон бино деразамизга қараб турганида, қандай яшаш мумкин?

Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Лолазор маҳалласи, Миробод кўчасидаги 27/10,29,33 уйларда ва Фидокор кўчасидаги 42-уйда жойлашган тураржой ва нотураржой  биноларида яшовчилар номидан:

Шишкина Н.Е.

Ромашкина К.К.

Самохвалова Е.П.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.