Huawei компанияси Марказий Осиё телекоммуникация секторида ўз позицияларини кучайтирмоқда

Huawei
Источник: Depositphotos.

Huawei компанияси ўзини Қозоғистон ва Ўзбекистон телекоммуникация бозорида йирик иштирокчи сифатида кўрсатмоқда. Ғарб санкциялари туфайли Huawei ўз эътиборини янги ривожланаётган бозорларга, жумладан, Марказий Осиёга қаратди. Украинага бостириб кириш яна бир бор мослашиш зарурлигини кўрсатди – Huawei стратегик равишда Россия бўйлаб илмий-тадқиқот ва ишланмалар офисларини сақлаб қолиш учун Москвадаги офисидан айрим ходимларини Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўчирди.

Кўчирилган ходимлар орасида Huawei бўлинмаларининг хитойлик менежерлари ва раҳбарлари бор, улар дастлаб Россияга 2022 йил бошида жўнатилган, бироқ кейинчалик бошқа офисларга ўтказилган. Ушбу ҳаракат Huawei компаниясининг Яқин Шарқ, жумладан, Марказий Осиёдаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўлдиради.

Қозоғистонда 4G  тармоқларини ривожлантириш ва 5G технологиясини синовдан ўтказиш туфайли Huawei Швециянинг Ericsson ва Финляндиянинг Nokia компаниялари каби рақобатчиларни ортда қолдириб, мамлакат телекоммуникация саноатидаги энг муҳим ўйинчилардан бирига айланди.

Ўзининг интервьюларидан бирида Huawei компаниясининг собиқ ходими компаниянинг тажовузкор сиёсати унинг мамлакат бозоридаги ҳукмронлигига ёрдам берганини айтади. “Ҳукуматимиз ҳам Хитой билан жуда яқин ҳамкорлик қилди, кўплаб кредитлар олди, уларнинг ҳисобидан [Хитой] Қозоғистонда йўллар қурилди, ҳозирда заводлар қурилмоқда. Шунга кўра, Хитой лоббиси жуда кучли”, — дейди у.

Huawei компаниясининг деярли барча асосий ўзбек алоқа операторлари – Uztelecom, Unitel, Ucell, Perfectum Mobile ва East Telecom билан ҳамкорлиги ҳам Ўзбекистон телекоммуникация соҳасида унинг етакчи ролини намойиш этади.

2019 йилда президент Шавкат Мирзиёев Пекиндаги Huawei тадқиқот марказига ташрифи чоғида Ўзбекистонда 5G ни жорий этиш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирган эди. Охирги икки йил ичида Huawei компанияси Uztelecom, Mobiuz ва Ucell билан биргаликда 5G тармоқларини жорий этишга ёрдам берди. 2022 йилда эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига тайёргарлик кўриш доирасида «Ўзтелеком» компанияси Huawei ускунасидан фойдаланган ҳолда Самарқанднинг туристик марказида 5G тармоқларини ишга туширди. Бошқа кўзга ташланадиган лойиҳалар қаторига Huawei компаниясининг Миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликда амалга оширилган ақлли қишлоқ хўжалиги пилот лойиҳасини кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, «Ўзбектелеком» Хитойнинг Huawei ва ZTE компаниялари билан тўртта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича 506,8 млн долларлик шартномалар имзолади.

Инфратузилмани амалга оширишдан ташқари, Huawei маҳаллий истеъдодларга ҳам сармоя киритмоқда. Шундай қилиб, Қозоғистонда 2025 йилга бориб Huawei АКТ академиялари сони икки баробарга – 25 тадан 50 тагача оширилади, бу бутун мамлакат бўйлаб 5000 нафар талабани сунъий интеллект, катта маълумотларни қайта ишлаш, тармоқ хавфсизлиги, симсиз алоқаларни яратиш, тармоқлар ва киберхавфсизлик каби муҳим йўналишларда ўқитиш имконини беради.

Бундан ташқари, Қозоғистон АКТ мутахассислари Huawei корпоратив ижтимоий масъулият дастурига қўшилди ва компаниянинг илғор технологиялари билан танишиш, Хитойнинг анъанавий ва замонавий маданияти билан танишиш мақсадида Хитойга ташриф буюрди.

Университетлар ўз кампусларида вендорлар томонидан қўллаб-қувватланадиган дастурларни яратиш орқали бозор тенденцияларига тобора кўпроқ мослашмоқда. Қозоғистоннинг етакчи АТ университетларидан биридаги координаторнинг сўзларига кўра, Huawei курсларига 100 дан ортиқ талаба рўйхатдан ўтган, Oracle, Kaspersky ва Cisco компанияларининг дастурларига эса камроқ талабалар рўйхатдан ўтган.

Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги асосий ташаббусларидан бири АКТ соҳасидаги талабалар ва мутахассисларга мўлжалланган ҳар йили ўтказиладиган “Келажак уруғлари” танловидир. Шундай қилиб, 2020-2021 йилларда Ўзбекистон олий ўқув юртларининг АТ-мутахассислиги бўйича 50 нафар талабаси тадбирда иштирок этди. Huawei шунингдек, Тошкентдаги Инха университетида ҳам муҳим АКТ Академиясини ташкил қилди.

Huawei компаниясининг ривожланиши ўзларини рақамли марказлар сифатида кўрсатишга интилаётган Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг амбицияларига мос келади. Қозоғистондаги Қосим-Жомарт Токаевнинг амалдаги режими таълимнинг, айниқса STEM ва IT соҳаларида иқтисодий тенгсизликни бартараф этиш, келажакдаги тартибсизликларнинг олдини олиш ҳамда жамият ва режим барқарорлигини сақлаш учун потенциал катализатор сифатидаги муҳим ролини тан олади. Худди шундай, Ўзбекистон ҳукумати “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегияси доирасида мамлакатни рақамли марказга айлантириш бўйича улкан режаларни амалга оширмоқда.

Huawei Қозоғистоннинг 500 миллион долларгача иқтисодий фойда келтириши мумкин бўлган турли курслар орқали 100 000 АТ-мутахассисларини тайёрлаш бўйича улкан режаларини қўллаб-қувватламоқда. Ушбу таълим мақсадларини қўллаб-қувватлаш учун Huawei АКТ Академиялари бутун дунё бўйлаб таълим муассасалари билан ҳамкорликда Токаев ташаббусини амалга ошириш учун ажойиб салоҳиятли воситадир. Компания раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Токаев Қозоғистон университетлари негизида фаолият юритувчи ва етказиб берувчидан эксперт билимларини тақдим этувчи АКТ академияларини тиклаш, талабалар ва АТ ходимларини соҳа талабларига жавоб берадиган сертификатлар билан таъминлаш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Қозоғистондаги Huawei АКТ Академияларини бошқарадиган университет дастурлари координаторлари интервьюда асосий эътибор мамлакатда тадқиқот ва ишланмаларни рағбатлантиришдан кўра, Huawei компаниясининг хорижий филиалларида ишловчи дастур ўқитувчилари сифатида энг яхши талабаларни тайёрлашга қаратилганлигини таъкидлади.

Huawei курслари илмий-тадқиқот қобилиятларини ривожлантиришдан кўра, маъмурий ходимларни тайёрлашга кўпроқ эътибор қаратади. Интервьюга кўра, Қозоғистон университетдаги Huawei АКТ академиясининг координатори шундай тушунтиради: “Биз тадқиқот олиб боришимиз ва одамларни Huawei таклиф қиладиган тизимлар яратиш бўйича ўргатишимиз керак – ҳаммаси бошқача бўлиши керак”.

Координаторнинг фикрича, етказиб берувчи, шу жумладан Huawei томонидан ҳомийлик қилинадиган ҳар қандай таълим ўқувчиларга эрта ёшдан бошлаб ўз технологияларидан фойдаланиш одатини сингдиришга қаратилган бўлиб, улар келажакда унга табиий равишда интилади. Суҳбатлар шуни кўрсатмоқдаки, Huawei томонидан ушбу университетларнинг асосий АТ инфратузилмасига киритган сармояси минимал, аммо Huawei спорт дастурлари ва киберхавфсизликка сармоя кирита бошлаганини кўрсатувчи далиллар мавжуд.

Маҳаллий истеъдодлар Хитой компанияларида юқори лавозимларни эгаллашга қодир эмас. Бунинг ўрнига, бу лавозимларни кўпинча Хитой фуқаролари эгаллайди.

“Ҳар қандай лойиҳада иккита директор ишлайди: бири маҳаллий, иккинчиси эса хитойлик бўлиб, уларнинг ҳаммаси Хитойнинг расмий йўналишига амал қилинаётганини назорат қилади”, – дейди Huawei компаниясининг собиқ ходимларидан бири. Карьера қилиш учун нафақат профессионал кўникмалар, балки хитой тилини ҳам билиш муҳим.

Тадқиқот ва ишланмаларга сармоя киритилмаслиги билан бир қаторда, Хитойга маълумотларнинг сизиб чиқиши билан боғлиқ хавотирлар ҳам бор, бу шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш борасида саволлар туғдиради.

“Агар маълумотлар Хитойга кирса, давлат ундан фойдаланиш бўйича кенг имкониятга эга бўлади. Агар Huawei Хитойга таҳлил қилиш учун баъзи маълумотларни юборса, шахсий маълумотлар давлат томонидан ҳимояланмайди”, – дейди Нанкинда таҳсил олган қозоғистонлик дастур муҳандиси.

Бу каби маълумотлар билан боғлиқ муаммолар, айниқса, асосан Хитойда ишлаб чиқарилган ҳамда юз ва давлат рақамини таниб олувчи кузатув камераларини ўз ичига олган Huawei компаниясининг “Хавфсиз шаҳар” инфратузилмасида кенг тарқалган.

Президенти Мирзиёев 2019 йилнинг 25 апрель куни “Бир камар, бир йўл” иккинчи халқаро ҳамкорлик форумидаги иштироки доирасида Huawei тадқиқот ва инновациялар марказига ташриф буюрди. Ушбу ташриф доирасида имзоланган келишувлар натижасида Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” мажмуасини барпо этиш учун устав капитали 2 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси (ҚК) ташкил этилди. Қўшма корхонанинг 42 фоиз улуши Costar Group Co. Ltd ​​ва CITIC Guoan Information Technology Co. Ltd компанияларига, 58 фоиз улуши эса Ўзбекистон давлатига тегишли.

“Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш учун 300 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди, Huawei эса лойиҳанинг “йўл харитаси”га мувофиқ маҳсулот ва хизматларнинг асосий етказиб берувчиси ҳисобланади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги интеграциялашган тизимни, жумладан, маълумотларни қайта ишлаш марказини сақлаш ва техник таъминлаш, давлат ахборот тармоқларини “Хавфсиз шаҳар” тизимига мажбурий интеграциялашни, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишини кузатиш ва турар-жой биноларини мониторинг қилиш бўйича ваколатли давлат ташкилоти этиб белгиланди..

Ушбу қадамларнинг қайси бири бажарилгани номаълум, бироқ “йўл харитаси”ни амалга ошириш натижасида Huawei компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатда видеокузатув инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 1 миллиард долларлик шартнома тузди. 2014 йилдан бери Хитойнинг 500 га яқин шаҳри ўзларини кибер-интеграциялашган ақлли шаҳарларга айлантириш бўйича лойиҳаларни бошлади. Энди эса Хитойнинг технологик гиганти ҳисобланган Huawei компанияси ўз тизимларини Ўзбекистонга экспорт қилишга қарор қилган.

Қозоғистондаги собиқ Huawei ходимининг сўзларига кўра, Huawei каби Хитой компаниялари “маълумотларни чиқариш учун ресурслардан фойдаланиши” мумкин. Мисол учун, Хитой компанияси VPN яратади ва маълумотларни такрорлайди. Битта нефть ва газ лойиҳасининг бир қисми сифатида Хитой кузатув камераларидан олинган ҳар бир тасвир Хитой учун такрорланишини талаб қилади”.

Хитойнинг Қозоғистон ва Ўзбекистондаги иқтисодий таъсирининг кучайиши Huawei каби компанияларнинг телекоммуникация ва ахборот технологиялари ускуналари каби муҳим инфратузилма тармоқларида ҳукмронлик қилишига олиб келади.

Бу мамлакатлар рақамли қувват марказларига айланиш учун Huawei каби компанияларга таянади, бироқ Қозоғистон мисолида кўриниб турибдики, бу мақсадга эришиш учун илмий-тадқиқот соҳасига сармоя керак, бу Huawei учун ҳар доим ҳам устувор вазифа эмас. Бундан ташқари, Huawei видео кузатув технологиясига таяниш яққол хатарлар билан боғлиқ.

Берикбол Дукеев

Дилфуза Мирзахмедова

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.