Ўзбекистон халқаро “Х-Factor” лойиҳасига қўшилмоқда

Участница конкурса
Фото: X-Factor

Юртимиз шоу-бизнесида “Х-Factor” шоуси намойиш этилиши билан янги ва ҳаяжонли пайтлар бошланди. “Х-Factor” дунёдаги энг машҳур вокал талантлар кўрсатуви бўлиб, унинг формати 57 мамлакатда мослаштирилган. Ўзбекистон ушбу лойиҳа амалга оширилаётган эллик саккизинчи мамлакатдир. Қозоғистон, Эрон, Индонезия, Туркия каби мамлакатларнинг телевидениесида шоу муваффақиятли намойиш этилмоқда.

Шоу ўзини жаҳон майдонида аллақачон кўрсатган ва янги вокал истеъдодларини кашф этиш учун платформага айланган. Масалан, Harry Styles, Leona Lewis, James Arthur, One Direction ва Little Mix гуруҳлари айнан шу шоуда ғолиб чиққанидан сўнг дунёга танилди.

Лойиҳа аввал бошиданоқ танқид остига олинди. Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари Баходир Аҳмедов шоудаги ҳакамлардан бирининг шляпасини масхара қилди ва камситиб гапирди. У гитара жўрлигида қўшиқ айтган иштирокчилардан бирининг чиқишини “зона қўшиғи” деб атади. Аҳмедов  Ўзбекистонда мусиқа дунёси ночор аҳволда, эстрада  эса жарлик ёқасида деб ҳисоблайди.

Шоу ҳимоясига чиққан санъаткорлар ва танлов ҳайъати аъзолари орасида  Лола Юлдашева ва Иброҳим Аҳмедов бор эди.

“Бу қачон тугайди? Лойиҳани чўктирмасдан, қачон қўллаб-қувватлаш бошланади? Медиа оламида қачон ривожланиш бўлади? Қачон прогрессив фикрлаш бошланади? Ахир, бу одамлар қарорлар қабул қилади-ку”, деди Лола норозилик билдирган ҳолда.

Иброҳим Аҳмедов амалдорлардан тушунмайдиган нарсага аралашмасликни сўради. У эстрадани ўз фаолиятини энди бошлаган хонандаларга қараб баҳо бериб бўлмаслигини, чунки улар студияни умуман кўрмаганини ва профессионал эмасликларини айтади.

Иштирокчилар ва лойиҳа ташкилотчилари “Х-Factor”да иштирок этишда ва томошабинлар орасида машҳурликка эришишда давом этишмоқда.

Мусиқа жанри, ёши ёки профессионал тажрибасидан қатъи назар, “Х-Factor” иштирокчиларига ўзини намоён этиш ва ижодий ифодалаш эркинлиги берилади.

“Истак-хоҳишимиз, мусиқа саноатида иш тажрибамиз ва тўпланган халқаро профессионал жамоамизни инобатга олган ҳолда, франчайзингни сотиб олиш ҳақидаги масала етарли даражада тез ҳал қилинди. “Fremantle” компанияси – формат эгасининг ягона талаби лойиҳани юқори даражада мослаштириш бўлди. Лойиҳани ишга туширишдан олдин улар жамоамизга маслаҳат беришди, барча нозик жиҳатларни муҳокама қилишди ва, ростини айтганда, суратга олишга келганларида ишимиз даражасидан мамнун бўлишди”, – дейди “X-Faktor Oʻzbekiston”нинг ижодий продюсери Елена Романенко.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари орасида ўзбек эстрадаси юлдузлари: Лола Юлдашева, Равшан Комилов, Иброҳим Аҳмедов ва Жасмин бор. Шоу муаллифлари обрўли ва эмоционал ҳакамлар жамоасини тўплашни режалаштирган.

“Энг яхши шоу-бизнес вакилларини кўриб чиқдик, ростини айтсам, кўплаб “топ”лар билан учрашдик, режаларимизни муҳокама қилдик, жадвалларни муҳокама қилдик. Биз лойиҳа атрофида ҳақиқий ҳамфикрларни ва  лойиҳа улар учун оддий иш бўлмаган кишиларни йиғмоқчи эдик. Албатта,  ҳакамлар ҳам биз каби ижрочиларнинг ижодий натижасидан қаттиқ қайғуришларини истардик”, – дейди Елена Романенко.

У турли мусиқа жанрлари вакилларини топиш ҳам муҳим омил эканини таъкидлади, чунки улар турли аудитория учун қизиқарли бўлади.

Кастинг

“Х-Factor” оддий сўзлар билан – бу ўзига хос неъмат, учқун, харизма. Шунинг учун танлов жамоаси ноёб ижрочиларни – ёрқин, ўзига хос ва албатта истеъдод соҳиби бўлганларни излади.

“Агар эътибор берган бўлсанг,шоу саҳнамизда мутлақо турли одамлар қўшиқ айтади: ўқитувчилар, ҳарбийлар, асаларичилар, уй бекалари, кимнингдир қўни-қўшнилари ва қариндошлари, аммо барчанинг танловнинг тўғридан-тўғри эфирларига ўтиш ва шоу ғолиби бўлишга тенг имконияти бор! Асосийси – ҳакамларни таъсирлантириш ва тўртта “ҳа”ни эшитиш”, – дейди Елена Романенко.

Jazz Band вокалчисининг тавсияси билан Эрнест Волков кастинг ҳақида билди. Вокалчининг ўзи қатнашишга журъат этмади, аммо Эрнест ўзини синаб кўрмоқчи бўлди. Мусиқачи 26 ёшда ва пойтахт аҳолиси уни рок-барларда чиқишларини кўришлари мумкин.

“Катта миқёсдаги кастинг рекламаси бўлмади ва кўпгина мусиқачилар шоу ҳақида билолмади. Бир томондан, бу яхши – рақобат камроқ бўлди, аммо шоу учун, эҳтимол, бу соғлом эмасдир, чунки Тошкентда ёрқин санъаткорлар бор ва улар танловга келолмади. Аммо кейинги мавсумда бундай муаммо бўлмайди, деб ўйлайман”, – дейди Эрнест.

Эрнест бешинчи эпизодда ижро этган “Beggin” қўшиғини ўзининг дўсти ва мусиқачи Николай Крилов билан биргаликда тайёрлаган. Қўшиқнинг бир нечта варианти  тайёрланган бўлиб, танловдан олдин Эрнест етти хил қўшиқни юборган. Натижада, лойиҳа маъмурияти “Beggin”да тўхтади. Қўшиқнинг ўзи Maneskin гуруҳининг каверига яқин янграйди, аммо минус Эрнестнинг ўз вокал диапазонига йўналтирилган ҳолда яна бошидан яратилган.

Мусиқачи конкурсда рок жанрини намойиш этмоқда. Эпизодларнинг бирида Эрнест бошқа иштирокчилар билан Валерий Меладзе қўшиғини ижро этади, бу рок композицияси эмас, аммо шахсан танланган аранжировка ва минус орқали хонанда ўз ижросини топа олди.

Эрнест иштирок этган эпизодлардан сўнг, Instagram’даги обунaчилар сони ошди, аудитория кўпайди. Мусиқачи  ижтимоий тармоқдаги салбий шарҳлардан хавотирланган эди, аммо таажжубланарлиси шуки, барча фикрлар ниҳоятда ижобий эди.

“Рок Ўзбекистонда  машҳур жанрлардан эмас, аммо вазият ўзгармоқда. Ҳозир рок стадионларда ҳам янграмоқда, мусиқачилар симфоник оркестр билан ҳам чиқиш қилади, бу мени рок ижрочиси сифатида хурсанд қилади”, – дейди Эрнест.

Унинг сўзларига кўра, шоудан олаётган таассуроти ижобий, гарчи алоҳида асабийлик ҳам мавжуд.

Томошабин нуқтаи назаридан бу ажойиб кўринади, аммо соқолимда оқ туклар кўпайди”, деди Эрнест.

Юлдуз 26 ёшда бўлиб, “Х-Factor”да Земфиранинг “Лондон осмони” қўшиғи билан чиқди. У репертуаридаги севимли куйлардан бирини ижро қилишни танлади, чунки шундай қилиш орқали ўзининг кучли томонларини – тембр, ижро услуби ва ҳиссиётларни кўрсата олади, деб ўйлаган.

Юлдуз кўча мусиқачиси сифатида танилган, уни ерости ўтиш жойларида гитара билан ёки турли Тошкент барларида микрофон билан учратиш мумкин.

“Танишим қўнғироқ қилиб, бизда биринчи марта дунёга машҳур “ Х-Factor ”  телевизион шоуси ўзбек ва рус тилларида намойиш этилаётганини ва мен ҳам иштирок этишим кераклигини айтди. Аввалига иштирок этишни истамадим, аммо бир оз ўйлаб кўргач, зоҳидона ҳаёт тарзидан чиқиб, иштирок этиш аризасини жўнатишга қарор қилдим”, – дейди Юлдуз.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳақиқатан ҳам мамлакатимиз мусиқа соҳасидаги жуда яхши қадамдир. Унга рус тилида сўзлашадиган санъаткорлар мавжудлигини ва бу шоу улар учун ажойиб овоз бўлишини халқимизга кўрсатиш муҳимдир. Кейинги эпизодларда қўшиқчи поп-рок жанридаги қўшиқларни ижро этишни режалаштирмоқда ва томошабинни ўз овози ва обрўси билан ҳайратга солишни умид қилмоқда. Шунингдек, лойиҳада ўзига хос асарларни ижро этишни хоҳлаган бўларди.

Томошабинларнинг жавоб реакциясини у дарҳол сезди. Ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сони ошди, шунингдек “Қаерда сизни жонли кўришимиз мумкин?” каби саволлар ҳам кўпайди. Шу билан бирга, Юлдуз ҳозирча концертлар уюштиришни режалаштирмаяпти, чунки у альбом ёзмоқда.

Лойиҳадаги бошқа ёрқин иштирокчи Муштарий Ҳамидова 18 ёшда бўлиб, унинг чиқиши дастлабки пилот эпизодида намойиш этилган эди.

“Инстаграмдаги дўстларим “Х-Factor” Ўзбекистонда биринчи марта танлов ўтказилаётгани ҳақидаги FTV телеканали постини менга юборишди. Дастлаб хурсанд бўлдим, аммо алоҳида эътибор бермадим”, – дейди қиз.

Кейинчалик дўстлари уни яна танловга таклиф қилишди, энди  у ўзини бориб синаб кўришга қарор қилди. Сўнгра лойиҳа вакиллари унга қўнғироқ қилиб, Муштарийнинг танлов босқичидан ўтганини айтишди.

“Жаҳонга машҳур лойиҳада иштирок этиш туйғулари ўзига хос. Мен жуда хурсандман, чунки  ушбу лойиҳанинг бир бўлагига айландим, у Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилмоқда”, дея қўшиқчи ўз ҳис-туйғулари билан ўртоқлашади.

Танловда лойиҳа ташкилотчиларининг маслаҳати билан у Рэй Чарльзнинг “Hit the road Jack” қўшиғини жаз йўналишида ижро этди, чунки ушбу жанр унга маъқул. Аммо келажакда бошқа мусиқий услубларда ҳам ўзини намоён этишни истарди.

“Мени биринчи эпизодда кўрсатишларини кутмаган эдим, чунки ким ва қайси чиқишда пайдо бўлиши ҳақида бизга айтилмаганди. Эпизод намойиш этилганидан сўнг айтишим мумкинки, яқинларим ва аҳли оиламнинг ижодимга муносабати ижобий томонга ўзгарди. Энди улар мени ва мусиқага бўлган қизиқишимни қўллаб-қувватлашмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сони ошди, институтда эса мени “Х-Factor” иштирокчиси сифатида таний бошлашди”, – дейди Муштарий.

Келажакда телеканал расмий сотиб олинган халқаро лойиҳаларни рўёбга чиқаришни режалаштирмоқда.

“Таъкидлаш жоизки, биз “Got talent” халқаро шоусини мослаштириш учун ҳам лицензия сотиб олганмиз, уни келгуси йилда ишга туширамиз. Бу лойиҳаларни мослаштиришда бизга Украина, Қозоғистон, Германия ва Британиядан хорижий мутахассислар ёрдам бермоқда. Шу орқали биз мавжуд мутахассислар тажрибасини оширишни ва янги мутахассислар тайёрлашни истаймиз. Бизнинг мақсадимиз – лойиҳалардан нусха кўчириш эмас, балки расмий равишда сотиб олинган форматларни мослаштириш орқали медиа бозорини ривожлантиришдир”, – дейди Елена Романенко.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.