Ғарб разведкалари фикрича, Украинадаги уруш яна камида 2 йил давом этади
Америка ва Ғарб разведкалари вакиллари фикрича, Украинадаги уруш яна камида икки йил давом этади. Бу ҳақда CNN разведкалар маълумотлари билан таниш бўлган манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Баъзи америкалик ва европалик мансабдорлар эса жанговар ҳаракатлар яна беш йил давом этади деган фикрда.
Шу сабабли Оқ уй Жо Байденнинг ваколати муддати тугагунига қадар Украинага ёрдам ажратилишига эришмоқчи. АҚШ маъмурияти, НАТО раҳбарияти ва Киевда шундай тушунча борки, Дональд Трамп ғалаба қозонган тақдирда, Украинага ёрдам қисқаради.
Америкалик мансабдор фикрича, келаси йили жанговар ҳаракатлар кучайишини кўзда тутган ҳолда, Украина 2024 йилда ўз мудофаа саноатини мустаҳкамлаш устида ишлаши тахмин қилинмоқда.
Айни пайтда Европада бўлган америкалик бошқа мансабдор фикр билдиришича, икки йилдан кейин Украина Россия қўшинларини Запорожье вилоятидаги Мелитополдан қувиб чиқариш учун иккинчи йирик қарши ҳужумни амалга оширишга уриниб кўради.
CNN маълумотларига кўра, Америка ва Ғарб разведкалари томонлардан бири жорий йилда аҳамиятли ютуқларга эришади деб ҳисобламайди.
Аввалроқ Financial Times украиналик мансабдорларга таяниб, Россия қўшинлари, катта эҳтимол билан 2024 йил ёзида Украинага кенг кўламли ҳужумни амалга оширишни режалаштираётгани ҳақида ёзганди. Киев фикрича, Россия ўзи 2022 йил сентябрида босиб олганини эълон қилган Украинанинг тўртта минтақаси — Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларининг қолган ҳудудларини ҳам эгаллаб олишга уриниб кўради. Ғарб мансабдорларидан бири FT билан суҳбатда қайд этганидек, “2024 йилда томонлардан бирининг тезкорлик билан муваффақиятга эришиш истиқболлари” катта эмас.
Шарҳлар