ДХРда ҳалок бўлган 68 нафар россиялик ҳарбийлар рўйхати тасдиқланди
“Важние истории” нашри Донецк халқ республикасида ҳалок бўлган 68 нафар россиялик ҳарбийлар рўйхатини тасдиқлади.
Нашр маълумотларига кўра, ҳарбийларнинг барчаси Байкалортидаги 06705-ҳарбий қисмда рўйхатдан ўтган ва 36-мотоўқчилар бригадасида хизмат ўтаган.
Рўйхатнинг ҳақиқийлигини ушбу қисмда хизмат қилувчи ҳарбий нашрга тасдиқлаб берган. Унинг сўзларига кўра, 20 февраль куни Украина қуролли кучлари зарбаси шунчалик кучли бўлганки, “ҳамма нарса учиб кетган”. Ярадорларнинг бир қисми Ростов-Дондаги касалхонага юборилган.
“Важние историй”, шунингдек, ҳалок бўлган ҳарбийларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини топган — уларнинг барчаси ҳужум куни сўнгги марта онлайн бўлган. Уларнинг постларига изоҳларда одамлар ҳамдардлик сўзларини ёзиб қолдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Украинанинг Волноваха шаҳри яқинидаги полигон HIMARS ёрдамида ўққа тутилгани, оқибатда ўнлаб россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлгани хабар берилганди. 65 нафар қурбон ҳақида маълум қилинганди, аммо Байкалорти ўлкаси губернатори бу рақамлар ошириб кўрсатилганини даъво қилганди.
Шарҳлар