Европада НАТОнинг муқобилини ташкил этиш муҳокама қилинмоқда — WP
Европа мамлакатлари Дональд Трампнинг АҚШ президенти сайловларидаги эҳтимолий ғалабасига тайёрланмоқда. Улар АҚШсиз фаолият олиб бориши мумкин бўлган “НАТОга қўшимча ташкилот” тузиш имкониятини ўрганмоқда, деб ёзади The Washington Post ўз манбаларига таяниб.
Европалик мансабдорлар Трамп Россия ҳужум қилган тақдирда, НАТО мамлакатларини ҳимоя қилмаслик ҳақида таҳдид қилганини гапириб берганидан кейин Шимолий Атлантика альянси муқобилини яратишни муҳокама қила бошлади. Тахмин қилинишича, янги тузилма бутун қитъани қамраб олади, АҚШнинг хавфсизлик соҳасидаги кафолатлари билан ҳамкорликда ишлайди, аммо шу билан бирга, “АҚШ ўз кафолатларини қайтариб оладиган бўлса, ишончли муқобил бўлиб хизмат қила олади”.
Газета ёзишича, муҳокама чоғида тортишувлар ҳам бўлган. Франция ва Германия “ҳисобларни ким тўлаши” борасида келишиб ололмаяпти, Шарқий Европа Россия томонидан таҳдидларга жавоб қайтариш бўйича Ғарбий Европага ишонмаяпти. Бундан ташқари, Европа мамлакатлари ўзларини ядро қалқони билан қандай таъминлаши ҳам тушунарсиз. Улар буни бажарган тақдирда ҳам, у “воқеаларнинг энг ёмон ривожи, яъни ядро уруши юз берган тақдирда Россия арсеналига ён беради”, деб ёзади WP.
Нашр маълумотларига кўра, европалик етакчилар ва мансабдорлар хавфсизлик масалаларида Дональд Трамп ва унинг иттифоқдошлари билан ҳамкорлик қилиш заруриятини англаяпти, аммо буни “катта қийинчилик билан” эпламоқда. Улар республикачи “трансатлантик муносабатларга хавф солган” даврларга қайтилишидан хавфсирамоқда. Евроиттифоқ мамлакатларининг баъзи вакиллари Трамп атрофидагилар ва унинг тарафдорлари билан алоқаларни йўлга қўйишга интилмоқда. Масалан, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг АҚШга сафари чоғида “Трамп билан дўстона алоқада бўлган” “Мерос” консерватив фондида нутқ сўзлаб, Алабама штатидаги Lockheed Martin корхонасига ташриф буюрган ва бу билан қанчалик кўп иттифоқчилар АҚШ ишлаб чиқарувчиларидан қурол сотиб олаётганига урғу беришга уринган эди.
Шарҳлар