Грузияда оммавий норозиликларга қарамай, “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун бугун, биринчи ўқишда қабул қилиниши мумкин

Фото: Paper Kartuli

Грузия парламенти бугун “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни биринчи ўқишда кўриб чиқади. Бу ҳақда парламент спикери, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси аъзоси Шалва Папуашвили маълум қилди, дея хабар беради Россия ахборот агентликлари. Папуашвили Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Қўшма Штатлар элчиларини танқид қилди – у уларни қонун қабул қилинишида “босим”да айблади.

“Дипломатик корпуснинг айрим вакиллари мамлакатнинг ички сиёсий муҳокамаларида ҳаддан ташқари фаол иштирок этаётганидан хавотирдаман”, деган Папуашвили.

Бундан ташқари, у мухолифатни “догматизм” ва “демагогия”да айблади.

Ўз навбатида, “Грузия орзуси” бош котиби ва Тбилиси мери Каха Каладзе Европа Иттифоқи ва АҚШни КПСС Марказий Қўмитаси билан таққослади.

“Ўйлайманки, бугунги кунда худди Совет Иттифоқидаги каби содир бўлмоқда – кўрсатмалар, сиз Марказий Қўмита билан келишмагунингизча бирон бир қадам ҳам ташлай олмас эдингиз. Бугун ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда, деб унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда маҳаллий ОАВлар.

Мустақил журналистларга қонун лойиҳасини кўриб чиқишга рухсат берилмади.

Бир кун аввал Тбилиси марказида “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди, унда 10 минггача одам қатнашди; Полиция томонидан 14 киши ҳибсга олинган.

Европарламент аъзоси Виола фон Крамон Европа Иттифоқи қонун чиқарувчи органи Грузияга юборган мактуб матнини эълон қилди: унда айтилишича, “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатнинг иттифоқ аъзолигига номзод сифатидаги мақомини шубҳа остига қўяди”.

Бир кун аввал Грузия парламентининг ҳуқуқий қўмитаси Россиянинг “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунига ўхшаш “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Қонун лойиҳаси 20 фоиздан кўпроғи хориждан молиялаштириладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари реэстрини яратишни назарда тутади. “Хорижий таъсир” ҳақида маълумот йўқлиги учун тегишли ташкилотлар жаримага тортилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.